Рамазон ойи муборак бўлсин!
Эртага, 13 апрелдан юртимизда эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи бўлган муборак Рамазон ойи бошланади.
Ушбу қутлуғ ойнинг жамиятимиз ҳаётида тинчлик-барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини асраш ва ривожлантириш борасидаги аҳамияти ҳисобга олинган ҳолда ҳамда уни ҳар томонлама муносиб ўтказиш мақсадида яқинда давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда бу муборак ойда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар белгилаб берилди.
2020 йил пандемия сабабли масжидларда таровеҳ намозларини жамоат билан адо этиш имконияти бўлмаган эди. Бу йил эса вилоятимиздаги 288 масжидда таровеҳ намози адо этилмоқда. Жумладан, 144 масжидда Хатми Қуръон бошланfди.
Лекин ҳали юртимизда, умуман, дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ мураккаб вазият сақланиб тургани сабабли юртдошларимиздан карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраймиз. Масжидда ҳам намозхон биродарларимиз тиббий ниқобда бўлишлари, оралиқ ижтимоий масофа сақлашлашлари ва антисептик воситалардан фойдаланишлари лозим. Ифторлик маросимларини ҳам ўз оилалари даврасида, яқинлари иштирокида ихчам тарзда ўтказишлари мақсадга мувоқилигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида муқаддас китобларимизда, диний-маърифий суҳбатларда жуда кўп ибратли фикрлар баён этилган. Бундан халқимиз яхши хабардор. Шундай бўлса-да бу муборак кунларда халқимизни, хусусан ёшларимизни эзгу ишларга бошлаш ва турли ёмон йўллардан қайтариш, улар қалбида меҳр-мурувват, бағрикенглик, шукроналик сингари хислат ва фазилатларни уйғотиш мақсадида Самарқанд телевидениеси орқали ҳар куни саҳарлик чоғида “Саҳарликда барака бор” ва ифторлик вақтида “Рамазон туҳфаси” номли диний-маърифий кўрсатув тайёрлаб эфирга узатиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳар куни саҳарлик вақтида Zarnews.uz ва Sammuslim.uz телеграм каналлари орқали ҳам маърифий суҳбатлар халқимизга тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакиллиги ва барча имом-хатиблар номидан вилоятимиз аҳлини кириб келган Рамазон ойи билан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан ҳар биримизни баҳраманд айласин!
Зайниддин Эшонқулов,
вилоят бош имом-хатиби.