Самарқанддаги 286 та масжидда таровеҳ намозлари адо этилади
Муборак Рамазон ойи ҳар бир мўмин учун ўзини тафаккур ва таҳлил қиладиган, қалбини поклаб, ҳаётига янгича мазмун бағишлайдиган беқиёс имконият. Бу ой нафс тарбияси, сабр-қаноат ва маънавий камолот ойидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Эй мўминлар! Сизларга рўза фарз қилинди, сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек, шоядки, тақвога эришсангиз» (Бақара сураси, 183-оят). Ушбу оят рўзанинг асл мақсади — тақвога эришиш эканини англатади. Рўза инсонни нафақат очлик ва чанқоқлик билан, балки сабр, ирода ва ихлос билан тарбиялайди, қалбни поклаб, маънавий юксалишга етаклайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилганлар: «Ким Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади». Демак, Рамазон – мағфират, янгиланиш ва Аллоҳга яқинлашиш ойи.
Бу ойда ҳар бир мўмин рўзани ихлос билан тутиб, нафақат еб-ичишдан, балки ёмон сўз ва гуноҳлардан ҳам тийилиши, беш вақт намозни вақтида адо этиши, имконият бўлса, жамоат ва таровеҳ намозларида иштирок этиши, Қуръон тиловатини кўпайтириб, унинг маъносини англашга интилиши, садақа ва эҳсон қилиб муҳтожлар ҳолидан хабар олиши, тавба ва истиғфорни кўпайтириши лозим. Зеро, Рамазон ҳар бир хонадон учун имон ва барака мактаби бўлиб, уйларимизда намоз, Қуръон ва зикр муҳити мустаҳкамланиши лозим.
Оила раҳбари сифатида эркаклар ибодатда намуна бўлиб, исрофдан сақланишлари ва эҳтиёжмандларга кўмак беришда пешқадам бўлишлари керак. Аёллар эса хонадон файзи сифатида ибодатга вақт ажратиб, фарзандларига рўзанинг аҳамиятини сингдиришлари муҳим.
Рамазон исроф ва дабдаба ойи эмас. Ифтор дастурхонларида ортиқча кўркамликка берилмасдан, ихчамлик ва камтарликка амал қилиш лозим. Оддий таом билан ҳам ифтор қилиш мумкин, чунки барака кўпликда эмас, қаноатдадир. Исроф баракани кетказади. Шу боис бу муборак ойда нафақат очликка, балки гуноҳларга ҳам рўза тутиб, қалбларимизни поклашга интилайлик!
Анъанага мувофиқ, бу йил ҳам вилоятимиздаги 286 та масжидда таровеҳ намозлари адо этилади. Жумладан, 204 та масжидда Қуръон хатм қилиниши режалаштирилгани мўминлар учун катта маънавий имкониятдир.
Хатми Қуръон таровеҳлари 27 кун этади. Бу ибодатда 370 нафар қорилар иштирок этиб, Қуръоннинг нозик тиловати билан масжидларимизга нур, файз ва маънавий муҳит бағишлайдилар.
Муборак Рамазон ойи барчамиз учун раҳмат ва мағфират ойи бўлсин. Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни, қилган ибодатларимизни даргоҳида қабул қилиб, юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу барака ато этсин. Рамазон муборак бўлсин!
Аҳмадхон АЛИМОВ,
вилоят бош имом-хатиби.