Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рамазон ойида кўнгил сўраш - савоб

Бугун 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси томонидан 50 нафарга яқин фахрийларга совға улашилди.

Хусусан журналист, ёзувчи, театр ва маданият ходимлари, фахрий спортчилардан кўнгил сўраб, ўзларининг совғаларини топширди.

Дастлаб, вилоят Матбуот уйида бошланган тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди ва фахрийларни байрам билан табриклади.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси С.Рафиқов ижодкор аҳлини доим қўллаши ва албатта имтиёзли йўлланмалар билан санаторийларда даволанишлари учун шароит яратилишини билдирди.   

Фахрий ижодкорлардан Ҳамида Каримова, Ҳосият Бобомуродова, Абдураҳмон Бошмонов, Матлаб Ҳасанов бу эътибордан мамнун  эканликларини айтишди. Вафот этган ижодкорлар хотираси ёдга олинди.

Касабачилар маданият бошқармасида ҳам бўлиб, соҳа фахрийларини табриклади. Уларнинг ҳам кўнглидаги гапларни эшитди. Фахрий спортчилардан ҳам ҳол сўралди ва совғалар улашилди.

-  Ижодкорга кўнгил сўрашнинг ўзи ҳам завқ беради, - дейди 83 ёшли фахрий журналист Насиба Турсунова. – Бироз тобим йўқ эди, тўғриси, уйимга совға билан келиб, мени табриклаганда соғайиб кетдим, дилим яйради, кексайганингда бундан ортиқ бахт борми? Газета соҳасида қарийб қирқ йил ишлаган бўлсам-да, иш жойимни ҳамон қумсайман. Бу каби кутилмаган учрашувлар эса инсонни ёшартиради.

Ҳусан Элтоев.