Сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш мумкин(ми?)

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йил «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини ижро этиш жараёнида 2019 йил 25 июнда Сайлов кодекси қабул қилинган.

Сайлов кодекси лойиҳаси устида ишлаш жараёнида сайловга доир ҳалқаро ҳужжатлар, 50 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги амалий тажрибаси пухта ўрганилди. Лойиҳа жамоатчилик, экспертлар, илмий доиралар, амалиётчилар, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Венеция комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг хулоса ва фикрлари олинди.

Сайлов кодекси қабул қилинишининг муҳим хусусиятларидан бири шуки, ушбу кодекс илгари мамлакатимизда бир нечта қонун ва қонун ости ҳужжатлар билан тартибга солинган сайлов жараёни, уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини жамлаб олган бўлиб, қонунчиликни қўллашда бир қатор қулайликлар яратди.

Сайлов кодексида сайловда иштирок этувчи ҳар бир шахснинг сайлов жараёнларидаги фаолияти билан боғлиқ асосий тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича кафолатлар ҳам батафсил белгилаб берилган.

Албатта, бошқа соҳалар каби сайлов ҳуқуқини амалга оширишда низо келиб чиқиши мумкин. Сайловда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари суд йўли билан ҳам ҳимоя қилинади. Аммо бу масалада турли саволлар юзага келиши мумкин.

Масалан, сайлов комиссиясининг қарорлари ва ҳаракатларидан норози бўлган шахс қандай йўл тутиши лозим?

Ҳуқуқи бузилган деб ҳисобланган шахс сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан юқори сайлов комиссиясига ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Сайлов кодексида сайлов комиссиясига мурожаат қилиниши шарт бўлган ҳолат белгиланган бўлиб, бу овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисидаги мурожаатдир. Участка сайлов комиссияси йигирма тўрт соат ичида бундай мурожаатни текшириб чиқиши ва хатоларни тузатиши ёки аризачига унинг аризаси рад этилишининг асослари кўрсатилган ҳолда маълумотнома бериши шарт. Ушбу рад жавобидан норози бўлган фуқаро маъмурий судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Хўш, судга бериладиган ариза (шикоят) шакли ва мазмуни қандай бўлиши керак?

Сайлов ҳуқуқини тиклаш ҳақидаги аризада, умумий тартибда судга бериладиган аризада кўрсатилиши лозим бўлган ҳолатлар билан биргаликда, аризачи (судга мурожаат қилаётган шахс) сайлов жараёнининг қандай иштирокчиси эканлиги, қарорни қабул қилган сайлов комиссиясининг номи (тартиб рақами), қарорнинг номи (тартиб рақами), чиқарилган санаси, қисқача мазмуни ва аризачининг фикрига кўра, қарор ёки унинг маълум қисми (алоҳида қоидалари) билан бузилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари қайси қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги, аризачининг талаби ва ҳуқуқини тиклаш усули кўрсатилиши керак.

Қайд этиш лозимки, шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш орқали уларнинг сайловда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги шикоятларни кўриб чиқиш учун энг қисқа муддатлар белгиланган. Хусусан, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан 3 кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга 6 кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Ушбу тоифадаги ишлар қайси судлар томонидан кўриб чиқилади?

Сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоятлар қоида тариқасида жавобгар жойлашган жойдаги маъмурий судларга берилади. Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, қўшма мажлисларнинг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин 10 кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Сайлов каби сиёсий жараённинг ошкоралик, шафоффлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларга риоя қилган ҳолатда ўтиши учун барчамиз фаол қатнашиб, ҳуқуқларимиз бузилган тақдирда уларни ҳимоя қилишимизни талаб қилади.

Шахноза АХАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси.