Пиёдалар ва ҳайдовчиларни қийнаб келаётган бир муаммога ечим топилди

Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда кўчасида (Сиёб бозори яқинидаги кўприги остида) пиёдалар йўлаги бор эди, лекин масофа анча узоқлиги сабабли одамлар йўл ўртасидаги темир панжаралардан ошиб ўтарди. Оқибатда кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиб, ҳайдовчи ва пиёдалар жабр кўрарди.

Ҳудудда пиёдалар учун йўлак очилди, светофор ва йўл белгилари ўрнатилиб, аҳоли учун хавфсиз ва қулай шароит яратилди.

– Шаҳарга келсак шу кўчадан ўтишга тўғри келарди, – дейди жомбойлик Наргиза Шарипова. – Аввал йўлни кесиб ўтишда қийналардик. Пиёдалар учун йўлакдан айланиб келиш осонмасди, айниқса, ёш болали аёллар ва кексаларга қийинчилик туғдирарди. Энди хавотирсиз ўтиб-қайтиш учун шароит яратилибди, хурсандмиз.

– Одамлар йўлнинг ўртасидан тўсатдан ўтиб қолса, нафақат ўзининг, балки бизнинг ҳам ҳаётимиз хавф остида қоларди, – дейди ҳайдовчи Сирожиддин Қаршибоев. – Светофор ўрнатилиб, пиёдалар йўлаги ташкил этилганидан кейин ҳаракат тартибга тушди, ҳамма учун қулай бўлди.

Фазлиддин Рўзибоев.