Фойдаси йўқ «зебра», бордюрга чиқиб кетган машина
Шаҳримизнинг Спитамен шоҳ кўчасидаги, Самарқанд давлат университетининг 1-ётоқхонаси олдидаги кўчада зебра чизиқлари бор. Аммо ушбу йўлдан ўтаётган ҳайдовчилар аксарият ҳолларда зебра чизиғига ҳам, ўша ердан ўтаётган пиёдаларга ҳам эътибор қаратмайди. Ушбу ётоқхонада яшаганим туфайли бу ҳолатни доим кузатаман. Баъзида йўловчилар ўн дақиқалаб ҳам автомобиллар ўтишини кутиб туради. Ваҳоланки, йўлнинг айнан шу қисмига зебра чизиқлари бежизга чизилмаган, бу жой пиёдалар кўп ўтадиган ҳудуд.
Ҳайдовчилар йўл бермагани майли, тезликни шунақа оширадики, гўё атайин қилаётгандай тасаввур уйғотади. Шу ҳудудда пиёдалар хавфли вазиятларга тушиб қолганини ўзим ҳам бир неча бор кузатганман. Ҳатто, яқинда бир автомобиль эгаси тезликни шунчалик оширдики, машина йўл ўртасидаги бордюрга чиқиб кетди.
Таклифим, шу жойга светофор ёки видеокамера кузатуви ўрнатилса кўп нохуш ҳолатларнинг олди олинарди.
Дилмурод АТАВУЛЛАЕВ,
«Зарафшон» таҳририяти қошидаги
«Маҳорат мактаби» тингловчиси.