Самарқанд давлат тиббиёт институти университетга айлантириладими?
Самарқанд давлат тиббиёт институти республикада ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга олий таълим муассасаси саналади. 90 йиллик тарихга эга институт тиббиёт соҳаси учун минглаб шифокорлар, илмий ходимлар, академиклар, фан, жамоат ва давлат арбобларини тайёрлаб берган. 8 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни баҳонасида институт ректори Жасур РИЗАЕВ билан келгусидаги режалар ҳақида суҳбатлашдик.
- Аввало, эртанги касб байрами билан қутлаймиз.
Коронавирус пандемияси олий таълим муассасалари фаолиятини тубдан ўзгартирди. Айниқса, амалиёт билан назария биргаликда олиб бориладиган тиббиёт институтида талабаларга масофадан қандай сифатли таълим берилди?
- Табрик учун раҳмат. Мен ҳам касбдошларим ва барча тиббиёт ходимларини ушбу сана билан қутлайман.
Коронавирус пандемияси дунёнинг барча давлатлари ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Жумладан, республикамизда 2020 йил март ойидан эълон қилинган карантин туфайли институтимиз жамоаси жорий қилинган чекловларга мослашди, бироқ институтда юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва тадқиқот ишларини олиб бориш жараёни тўхтагани йўқ.
Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи институт учун катта синов, шу билан бирга масъулиятли давр бўлди. Институт профессор-ўқитувчилари тез суръатларда ўқув жараёнини масофавий таълим талабларига мослаштирди. Бу ишларни амалга ошириш учун институтда 2013 йилдан буён жорий қилинган электрон, кредит-модул тизимида ўқитиш қўл келди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув материаллар, видеомаърузалар, дарсликлар, тест топшириқлари ва назорат саволлари мукаммал тайёрланган электрон платформага жойлаштирилган. Талабалар кун-у тун билим олиш имкониятига эга.
- Институтда қандай янгиликлар бўлди?
- Институтимизда бакалавриатнинг 10 дан ортиқ йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Биринчи курсга жорий ўқув йилида 1030 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Бу йил институтда фармация иши, тиббий профилактика, жамоат саломатлиги, тиббий биология факультетлари ва халқ табобати бўйича янги йўналиш очилди. Бу ҳам тиббиёт соҳаси ва ёшларга янги имконият эшикларини очиб берди.
Ҳозирги кунда институтда 70 дан зиёд фан доктори, профессор, 180 нафар фан номзоди ва 150 нафар доцент самарали меҳнат қилмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан жорий йилда бир қатор йирик ва долзарб илмий лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, жорий йилнинг бошидан ҳозирги вақтгача институтда 17 та халқаро, 16 та республика миқёсидаги анжуманлар ўтказилди, 90 дан ортиқ вебинарлар, 7 та давра суҳбатлари ташкил қилинди.
- Сиз бошқараётган институт университет мақомига эга бўлади, деган гаплар бор...
- Ҳа, бу гапда жон бор. Президентимизнинг “Самарқанд давлат тиббиёт институтида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги фармони лойиҳасига асосан, Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳага мувофиқ, институтимизнинг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида университет клиникасини, реабилитация ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологияларни, ўқув дастурлари ва инновацион материалларни кенг жорий этиш учун замин бўлади. Клиника ва ўқув базаларида назарий билимлар ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш, тиббий амалиётда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш имкониятлари вужудга келади.
- Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган?
- Институтимиз АҚШ, Германия, Австрия, Испания, Япония, Корея Республикаси, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларнинг тиббиёт университетлари, илмий-текшириш марказлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Жорий йилдан бошлаб, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети, Чуваш миллий университети (РФ), Я.Б.Горбачевский номидаги Тернопол миллий тиббиёт университети (Украина), Польшанинг National Louis Universityнинг Олий бизнес мактаби, Беларусь давлат тиббиёт университети билан бакалавриат ва магистратура босқичида бир нечта йўналишлар бўйича қўшма дастур асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйдик.
Яқин келажакда жаҳон рейтингида энг яхши 1000 таликка киришни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун бизда етарли имкониятлар, шу жумладан илмий салоҳият мавжуд.
Х.Эргашева суҳбатлашди.