Самарқанд қишда ҳам гулга бурканади
Бугун кузнинг охирги куни. Эртага қиш фасли кириб келади. Совуқ кунларда ҳам шаҳар кўчалари гулларга бурканиб туриши учун Самарқанд шаҳри ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан совуққа чидамли гул кўчатлари ўтқазилмоқда.
- Қиш мавсуми учун шаҳар кўчаларига яна 3 миллион тупдан зиёд совуққа чидамли гул кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган, - дейди бошқарма агрономи Хуршид Равшанов. - Шу пайтга қадар 1 миллион 90 та “Виола” гул кўчати экилди. Ўтган йили ҳам қиш фасли олдидан шаҳар кўчалари ва хиёбонларга ана шундай гул кўчатлари ўтқазилган эди. Кутилмаганда келган аномал совуқ уларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Имкони борича гулларни сақлаб қолиш чоралари кўрилган эди.
Бу қиш мавсумида ҳам гулларга етадиган талафотларнинг олдини олиш мақсадида зарур чоралар кўрилмоқда. Аномал совуқ кузатилиши мумкин бўлса, бу гулларни плёнка остига олиш чоралари кўрилади.