“Самарқанд руҳи рассом нигоҳида”

Самарқанд шаҳридаги “Чорсу” галереясида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Аслиддин Исаевнинг шу номдаги кўргазмаси очилди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити олдидан ташкил этилган мазкур кўргазмада рассомлар, тасвирий санъат ихлосмандлари, сайёҳлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада рассомнинг 60 дан зиёд ижод намуналари ўрин олган. Бу асарлар кишини фикрлашга чорлайди. Уларда фалсафий қарашларни, беғуборлик ва нафосатни кўриш мумкин. Жумладан, “Тўйга пиширилган нонлар”, “Извошчи”, “Тўй”, “Кутилмаган нур”, “Колхоздаги оқшом”, “Куз”, “Қовун бозори” каби асарлар халқимизнинг миллий қадрияти ва анъаналарини акс эттиради.

– Аслиддин Исаев ўзига хос услуб ва руҳий таъсирига эга ижодкорлардан бири, – дейди Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Нуриддин Калонов. – Асарларида болаликдан унга яқин одамлар, Ўзбекистоннинг гўзаллиги, тарихи тасвирланган. Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд, унинг мафтункор манзаралари ижодкорга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Яқинда Самарқандга ШҲТ саммити ўтказилиши муносабати билан аъзо давлатларнинг тажрибали рассомлари келди. Улар кўҳна кент акс эттирилган энг сара асарлари билан саммит арафасида очиладиган халқаро кўргазмада иштирок этади. Бугунги кўргазмадан мақсад ҳам Самарқанд руҳини янада ёрқинроқ намойиш этишдан иборат.

Бахтиёр МУСТАНОВ.