Самарқанд шаҳрида 31 та ноёб дарахт кесиб олинган
Дарахтлар ноқонуний тарзда кесиб ташланиши оқибатида табиатга 260 620 000 сўм зарар етказилган.
Вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат Самарқанд шаҳар “Боғимайдон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 16-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида аниқланган. Бу ерда қўшимча 150 ўринли бино қуриш ва ҳудудда қайта қурилиш ишларини олиб бораётган “Самарқанд махсус сув дренаж” МЧЖ томонидан таълим ташкилоти ҳудудида мавжуд қимматбаҳо навлари рўйхатига киритилган 31 туп, диаметри 6,6 см.дан 24,5 см.гача бўлган Элдор қарағайи ва диаметри 27,0 см бўлган 1 туп кам қимматли терак ноқонуний равишда қурилиши режалаштирилган бинонинг қуриш ишларини бошлаш учун ер ости қисмини қазиш вақтида (котлован) кесиб ташланган ва илдизлари йўқ қилинган.
“Мазкур ҳолатда ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорида жиноят аломатлари борлиги сабабли айбдор шахсларга нисбатан қонун талабларига мувофиқ тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилди”, дейилади хабарда.