Самарқанд шаҳрида 92 нафар ўқувчи мактабни олтин медаль билан тамомлади
Вилоят Ёшлар марказида Самарқанд шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларининг иқтидорли мактаб битирувчилари тақдирланди.
Zoom орқали бўлиб ўтган тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов иштирок этиб, битирувчиларни қутлади.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфида 79 та умумий ўрта таълим ва 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда Самарқанд давлат университети ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатмоқда.
2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини 6 285 нафар, 11-синфини 6 248 нафар ўқувчи тамомлади.
9-синф битирувчиларининг 260 нафари аъло даражадаги шаҳодатнома олади, 11-синф битирувчиларидан 20 нафари кумуш ва 92 нафари олтин медалга муносиб, деб топилган.
Шунингдек, турли йўналишларда юқори натижаларга эришган 10 нафар ўғил-қизлар олий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри ҳамда имтиёзли асосда кириш ҳуқуқига эга бўлган.