Самарқанд шаҳрида йўналишсиз таксиларда нега таксометр йўқ?

- Нима учун Самарқанд шаҳрида йўналишсиз таксилар ҳамон таксометрлардан фойдаланмайди?

Меҳрибон ҒАНИЕВА,

Самарқанд шаҳри.

- Вилоятимизда бугунги кунда 198 та корхона томонидан йўналишсиз такси хизмати кўрсатилмоқда ва уларда жами 4632 та автомобиль лицензияланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 193-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги низомига асосан йўналишсиз таксилар ҳисоблагич (таксометр) билан жиҳозланиши шарт.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида йўналишсиз таксиларга “Arxideya Motors” МЧЖ томонидан “Phoenix – 9000” русумли 2840 та, “Самарқанд ДП ЭТЦ» корхонаси томонидан “Стайер” русумли 1550 та таксометр қурилмалари ўрнатилган.

Таксометрларни ишлатиш ташувчи корхона зиммасига юклатилган ва уларнинг назорати давлат солиқ органлари томонидан амалга оширилиши лозим.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан 2019 йилнинг ўтган даврида белгиланган тартибда жиҳозланмаган йўналишсиз таксиларга нисбатан 206 та далолатнома расмийлаштирилиб, лицензия варақаларининг амал қилиши 10 иш кунигача тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўрилган.

И.ҲАМРАЕВ,

вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи.