Самарқанд ва Бухорода 8 нафар бемор тузалди. Улар орасида 78 ёшли отахон ҳам бор
Бухоро вилоятида 5 нафар, Самарқанд вилоятида эса 3 нафар, жами 8 нафар коронавирусга чалинган беморлар тўлиқ соғайди.
Бухорода шифо топганларнинг 4 нафари ушбу вилоятдан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. 1 нафари эса Тошкент шаҳридан бўлиб, Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Уларнинг 2 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 50 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 14 ёш.
Соғайганлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Ушбу вилоятда шу пайтга қадар 367 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 372 нафарга етди.
Самарқандда тузалганларнинг 3 нафари (7 ёшли, 31 ёшли ҳамда 78 ёшли) ҳам эркак бўлиб, ушбу вилоятнинг Тойлоқ туманидан. Улар коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.
Соғайганлар айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилмоқди. Вилоятда ҳозирга қадар 34 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 37 нафарга етди.
Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 1547 нафарни ташкил этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.