Самарқанд вилоятидаги саноат корхоналари биринчи чоракда неча сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаргани маълум бўлди

2019 йилнинг январь-март ойларида Самарқанд вилоятидаги саноат корхоналари томонидан 3088,5 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ишлаб чиқариш индекси 117 фоизни ташкил этди.

Бу ҳақда Самарқанд вилояти статистика бошқармаси хабар бермоқда.

Тайёр маҳсулот турини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида истеъмол товарлар ишлаб чиқариш ҳажми 1582,1 млрд. сўмни ташкил этди ва 2,1 фоиз ўсиш таъминланди.

Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан 1350,8 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Мазкур корхоналарнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 43,7 фоизни ташкил этди.

Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш энг кўп Самарқанд шаҳри (43,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келган бўлса, Жомбой 20,4 фоиз, Самарқанд тумани 6,3, Ургут 5,9, Булунғур 3,7, Тойлоқ тумани 3,5 фоиз улуш қўшди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тақсимланиш таҳлили Жомбой туманида 3750,9 минг сўм, Самарқанд шаҳрида 2483,9 минг сўм, Самарқанд туманида 793,3 минг сўм ва Булунғур туманида 623,0 минг сўмни ташкил этди.

Ҳисобот даврида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан 1331,6 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва уларнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 43 фоиз бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 5314 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 1480 таси (мавжуд саноат корхоналарининг 27,9 фоизи) Самарқанд шаҳрида, 761 таси (14,3 фоизи) Ургут тумани ва 493 таси (9,3 фоиз) Самарқанд туманига тўғри келмоқда.