Самарқанд халқаро аэропортида 8 та рейс қолдирилмаган
13 июнь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд халқаро аэропортида 8 та рейс қолдирилгани ва 3 минг нафар йўловчи учмай қолгани тўғрисида видеолавҳа тарқалди.
“Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ томонидан шу куни 10 та халқаро авиақатнов амалга оширилган. Бироқ видеолавҳада таъкидланганидек, улар қолдирилмаган. Балки аэропорт ходимлари томонидан ҳар бир рейсга белгиланган тартибда ва муддатларда хизмат кўрсатилиб, манзилига учиб кетиши таъминланган.
“Домодедово – Самарқанд – Домодедово” йўналишидаги махсус авиақатнов 13 июнь куни соат 11:30 да Самарқанд халқаро аэропортидан Россиянинг Москва шаҳрига учиши режалаштирилган эди. Бироқ “Red Wings” авиакомпанияси томонидан кун давомида парвознинг вақти бир неча маротаба кўчирилди ва охири қолдирилди. Авиакомпания вакилининг таъкидлашича, бунга Москвадаги эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши, карантин қоидаларининг кучайтирилиши сабаб бўлган.
Авиақатнов қолдирилгач, авиакомпания томонидан йўловчилар учун махсус автобус ташкил этилиб, уларга харид қилинган чипта пулини аваикассаларда қайтариб олишлари ёки кейинги рейс учун жой банд қилишлари мумкинлиги тушунтирилган. Фуқароларнинг ПЗР-тести таҳлили учун кетган харажатларини қоплаб беришни ҳам режалаштирган.
“Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ йўловчиларнинг учиб келиши ва учиб кетиши вақтида ўз хизматларини кўрсатади. Жамият авиақатновларни қолдириш ёки вақтини кўчириш ваколатига эга эмас.
Шуларга кўра, ижтимоий тармоқларда, хусусан, “MILITSIYA UZB| Расмий канал” телеграм каналида айтилган 8 та рейс қолдирилгани ва 3 минг йўловчи учмай қолгани хақидаги хабар нотўғри ва асоссиз.
“Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ маъмурияти.