Самарқанд халқаро аэропортида Мажбурий ижро бюронинг махсус шохобчаси очилди, қарз аниқланса, шу ернинг ўзида тўлов қилиш ҳам мумкин
Суд қарорлари асосида қарздор шахсларга нисбатан мамлакат ҳудудидан четга чиқишга вақтинча чеклов ўрнатиш Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Бугунги кунда Бюро органларида минглаб қарздор жисмоний шахсларга нисбатан Республика ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқларига вақтинча чеклов ўрнатилган. Қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаслиги фуқароларнинг чет элга чиқишига “тақиқ” қуйилишига сабаб бўлади.
Мамлакатимиз аэропортларидан хорижга чиқиб кетаётган айрим йўловчиларнинг суд қарорлари асосида қарздорликлари мавжудлиги аниқланиб, аэропорт-чегара ва божхона хизмати томонидан қайтарилмоқда.
Натижада, қарздор фуқаролар томонидан ижро ҳужжати қайси ҳудудда эканлиги, қарздорликнинг келиб чиқиш сабаблари, тўлаш тартибини билмаганлиги оқибатида ортиқча оворагарчилик ҳолатлари юзага келмоқда.
Бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори Тўражон Жалиловнинг таҳририятга маълум қилишича, бундай оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида, қарздор фуқароларга юқоридаги ҳолатлар юзга келганида тезкор маълумот олиб, қарздорлик, чеклов ҳамда қарздорликларни тўлаш тартиби бўйича тушунтириш бериш йўлга қўйилди.
Бунда Самарқанд халқаро аэропортининг терминали ҳудудида Бюро ходимларнинг навбатчилиги ташкил этилди, эндиликда фуқароларга бу ерда ўзларига қўйилган чекловни билиши, тўлов қилиши ва бошқа хизмат турлари ташкил этилган.