Самарқандда аттестациядан ўтолмаган 18 нафар ўқитувчи ишдан бўшатилди

Бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Аттестациядан ўтолмаган ўқитувчига яна қайта топшириш имконияти берилади, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рустам Йўлдошев. – Педагог иккинчи марта ҳам аттестация имтиҳонидан ўтолмаса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. 2025 йилда 18 нафар ўқитувчи қайта аттестация имтиҳонидан ўтолмагани учун улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Энди мазкур педагоглар ишга тикланиши учун касбий сертификат олиши керак.

Шунингдек, 2025 йил давомида педагог ходимлар учун икки маротаба аттестация жараёнлари ташкил этилган. Ушбу жараёнларга жами 37 783 нафар педагог ходим жалб қилинган.

Аттестация натижалари таҳлилига кўра, 12 минг 739 нафар педагог аттестациядан муваффақиятли ўтиб, ижобий натижа қайд этган бўлса, 7 минг 366 нафари салбий, 17 минг 678 нафар педагог эса 56 баллдан паст натижа билан аттестациядан ўта олмаган.

Бундан ташқари, 876 нафар педагог юқори натижаларга эришиб, 70 фоизлик устама олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Бу эса таълим тизимида меҳнатни муносиб баҳолаш ва педагогларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Айни пайтда навбатдаги аттестация жараёнлари учун ҳужжатлар қабул қилиш ишлари бошланган. Педагог ходимлар томонидан аттестацияда иштирок этиш учун аризалар жорий йилнинг 1 март кунига қадар қабул қилинади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.