Самарқандда Баҳодир Ялангтўшнинг номи абадийлаштирилиши мумкин
Сиз бундан тўрт-беш аср аввал ва ундан кейинги даврларда Самарқанд шаҳар ҳокими бўлган шахслар ҳақида биласизми? Бу ҳақда ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Уларнинг амалга оширган ишлари ҳақида-чи? Хусусан, XVII аср бошларида Самарқандда улкан ободончилик ишларини амалга оширган, ўз ҳукмронлиги даврида шаҳар равнақини таъминлаган, дунё мўъжизаси саналган – Регистон майдонидаги Шердор ҳамда Тиллакори мадрасаларини қурдиргани ҳукмдорлардан бири - Баҳодир Ялангтўш ҳақида эшитганмисиз?
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тарих институти, Самарқанд давлат университети ҳамда Марказий ҳарбий округи бу борада эзгу ишга қўл урди. 1576-1656 йилларда яшаб, Самарқандда улкан ободончилик ишларини амалга оширган ҳукмдор Баҳодир Ялангтўш ҳаёти, фаолияти, шахсияти, тарихда тутган ўрни ҳақида кенг жамоатчиликка етказиш учун халқаро конференция ташкил этмоқда.
Шу йил 20 июнь куни ушбу ташкилотчи идоралар ҳамкорлигида Самарқанд давлат университетида “Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2019 йилда халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган илмий анжуманлар тўғрисида”ги 133-Ф-сонли фармойиши асосида ташкил этиладиган анжуманда Баҳодир Ялангтўшнинг Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни, унинг ҳукмдорлик даврида Самарқандда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, XVII-XVIII асрларда Самарқанддаги ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт мавзулари дунё тарихчи ва мутахассислари томонидан тарихий манбалар асосида талқин этилади.
ТАШКИЛИЙ ҚЎМИТА.