Самарқандда банк бошлиғи пора билан қўлга тушди
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган кенг қамровли тадбирларга қарамай айрим мансабдор шахслар ҳали-ҳамон нафсини жиловлай олмаяпти.
Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир ана шундай раҳбарнинг коррупцион фаолиятини фош этди.
Қайд этилишича, "Микрокредитбанк" Самарқанд филиали раҳбари, 1982 йилда туғилган Б.Ҳ. Самарқанд шаҳридаги масъулияти чекланган жамиятга 2 миллиард сўм кредит ажратиб бериш эвазига тадбиркордан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора сўраган.
Тадбиркордан даставвал 4 минг АҚШ доллари олади. Сўралган пулнинг қолган 6 минг долларини олаётган вақтда эса порахўр банк раҳбари ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Менинг нафсим балодур, ёнар ўтга соладур", деб бежиз айтишмаган-да.