Солиқчи, қўриқлаш ходими ва яна бир неча мансабдорлар пора билан ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари ҳамкорлигида дастлаб Каттақўрғон туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда туман солиқ инспекцияси инспектори, 1981 йилда туғилган М.Р. мазкур туманда яшовчи маҳаллий фуқаронинг 11 миллион 500 минг сўм миқдоридаги солиқ қарзини электрон базадан ўчириш ва қарздорлик тўланганлиги хусусида сохта ҳужжат расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 6 миллион сўм пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, Қуролли Кучлар хизматчиси С.И. ва унинг ёрдамчиси Ф.Э. ҳам ўз мансаб ваколатидан ноқонуний йўлларда фойдаланиб, ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда Самарқанд шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқаронинг АҚШга ишлаш учун кетган ўғлини сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўтаганлиги хусусида сохта ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган. “Устаси фаранг”лар келишилган маблағни олаётган вақтда қўлга тушди.

Худди шундай, порахўрлик билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар Пахтачи ва Нарпай туманларида ҳам содир этилди. Жумладан, Миллий гвардия Пахтачи туманлараро қўриқлаш бўлими ходими, 1998 йилда туғилган сафдор Ш.А. маҳаллий фуқарога Пахтачи туманида жойлашган “Қорақўтон олтин кони” ҳудудидаги 25-сонли шахтадан таркибида олтин моддаси бўлган тошларни қазиб олишга шароит яратиб бериш эвазига 8 миллион сўм ва 600 АҚШ доллари талаб қилиб, келишилган пулдан қолган 600 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, Нарпай туманида яшовчи, Кадастрлар палатаси Нарпай туман филиали муҳандиси С.Ш. маҳаллий фуқаронинг яқин қариндоши номидаги турар жойига кадастр ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 700 АҚШ долларини чўнтакка жойламоқчи бўлган вақтида фош этилди.

Ҳозирда юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.