Фуқаролардан 1400 АҚШ доллари талаб қилган адвокат ушланди

Шу йилнинг февраль ойида Самарқанд шаҳридаги “Шафқат” адвокатлар ҳайъати адвокати 1996 йилда Ургут туманида туғилган О.Ҳ фуқаро М.М.дан алимент ундириш билан боғлиқ масаласини МИБдаги танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган.

Бу ҳаммаси эмас, у М.М. раҳбарлик қилиб келаётган “Боғизоғон томорқа хизмат” МЧЖга нисбатан солиқ идораси томонидан қўлланилган 94 миллион сўмлик солиқ тўловларини иқтисодий суддаги таниши орқали камайтириб бериш эвазига 800 АҚШ доллари ҳам сўраган.

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорликда ўтказган фаол тадбир давомида адвокатнинг бу "иш"га "нуқта" қўйди. О.Ҳ. жами 1,4 минг АҚШ долларини фуқаро М.М.дан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.