Самарқандда банк юристи пора билан қўлга тушди

Маълум бўлишича, вилоятдаги банкларнинг бирида бўлим юристи лавозимида ишловчи, 42 ёшли Т.Ш. банк билан мижозлар ўртасидаги муаммоли вазиятларда ишни фуқаролар фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига улардан катта миқдордаги пул маблағларини олиб келганлиги аниқланган.

Ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, ИИБ ҳамда прокуратура ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фош этилган.

Хусусан, Т.Ш. маҳаллий фуқаронинг кредит масалалари бўйича давлат божи ва суд ишини ҳал қилиб бериш эвазига 3000 АҚШ долларини пора сифатида талаб қилиб, олдиндан 1050 АҚШ долларини олган ҳамда тезкор тадбир чоғида қолган 1950 АҚШ долларини олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.