Самарқандда биоиқтисодиёт соҳаси бўйича мутахассислар тайёрланяпти

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Ўзбекистонда биоиқтисодиётни ривожлантириш борасида халқаро ўқув семинари бўлиб ўтди.

Тадбирда Латвия, Литва, Финландия давлатларидан, шунингдек, биоиқтисодиёт соҳасидаги ўзбекистонлик олимлар, эскпертлар қатнашди. Унда Ўзбекистонда биоиқтисодиётни ривожлантириш имкониятлари, унинг моҳияти, ўрни, афзалликлари, тармоқ ёндашувидан фарқлари, ягона биоиқтисодий экотизимда турли субъектларнинг вазифалари ва афзалликлари ҳақида фикр юритилди.

- Лойиҳа доирасида уч йилдан бери ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, - дейди халқаро лойиҳа координатори, Латвия Ҳаёт фанлари ва технологиялар университети олимаси Ирина Кулитане. – Ўзбекистондаги тўртта олий таълим муассасаси билан келишувга эришганмиз. Бугун ушбу олий таълим муассасаларида лойиҳа доирасида биоиқтисодиёт йўналишида жами 23 нафар магистр таълим оляпти. Келаси йилда улар Ўзбекистонда биоиқтисодиёт соҳаси бўйича биринчи қалдирғочлар сифатида ўқишни битиради. Шунингдек, улар вазирликда, бошқарув органларида, олий таълим муассасаларида биоиқтисодиёт соҳасида меҳнат қилади. Лойиҳа доирасида келгусида келишувга эришилган институтларда биоиқтисодиёт йўналишида мутахассислар тайёрлаш давом этиши ва ривожланиши керак. Шу мақсадда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида биоиқтисодиёт маркази ташкил этилди. Биз ўзбекистонлик олий таълим муассасаси ўқитувчиларини ҳам биоиқтисодиёт бўйича таълим беришга тайёрлашимиз керак. Улар семинарларда қатнашиб, европалик олимлар билан тажриба алмашяпти. Бизнинг Латвия Ҳаёт фанлари ва технологиялар университетимизда биоиқтисодиёт соҳасида узлуксиз илмий ишлар, тажрибалар олиб борилади. Латвия қишлоқ хўжалиги вазирлиги буюртмаси асосида истиқболли лойиҳалар амалга оширилади ва ҳаётга тадбиқ этилади. Ўзбекистонда ҳам яқин келажакда биоиқтисодиёт соҳаси бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Ўзбекистон тармоқ иқтисодиётидан биоиқтисодиётга самарали ўтишни амалга ошириш учун улкан салоҳиятга эга, аммо бу мақсадларга эришиш учун мамлакатда биоиқтисодий ёндашувларни саноат амалиётига жорий этадиган юқори малакали мутахассисларга муҳтож.

Семинар Латвия Ҳаёт фанлари ва технологиялар университети раҳбарлигидаги Европа Иттифоқининг “ЕРАСМУС+” дастури томонидан молиялаштириладиган “БиоЕсУз” консорсиуми томонидан ташкил этилди. Унда европалик олимлар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.