Самарқандда Бухоро яҳудийлари вакиллари иштирокида халқаро бизнес форум бўлиб ўтди
Бугун вилоят ҳокимлигида “Самарқанд вилояти ва Бухоро яҳудийлари вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида халқаро бизнес форум ўтказилди.
Форум аввалида вилоят ҳокими Э.Турдимов Самарқанд ва АҚШ ҳамда Канададаги Бухоро яҳудийлар конгресси ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун конгресс аъзоларининг бир гуруҳига ҳокимликнинг фахрий ёрлиқ, эсдалик совғаларини топширди.
Шундан сўнг, меҳмонларга мамлакатимизда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, туризмни ривожлантириш, инновацион ишланмаларни амалиётда кенг қўллаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Туризм, тиббиёт, қурилиш, косметология, заргарлик ва бошқа соҳалар бўйича Бухоро яҳудийлари билан ҳамкорлик қилиш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан таклифлар билдирилди.
– Биз Ўзбекистонда ўзимизни ўз уйимиздагидек ҳис қиляпмиз, – деди АҚШ ва Канададаги Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Борис Кандов. – Бу мамлакатда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ эмасмиз. Эришилаётган ютуқларни ҳам ўзимизникидек мамнуният билан қабул қиламиз. Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшиш истагида бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаймиз, уларга кўмаклашишга тайёрмиз.
Форум доирасида маҳаллий тадбиркорлар фаолияти, вилоятнинг инвестиция салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
– Қўшработ туманида фармацевтика йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман, – дейди тадбиркор Саъдулла Дастамов. – Туманимиз қир-адирларида кўплаб доривор ўсимликлар ўсади. Уларни териб, қадоқлаб, харидорларга етказиб беряпмиз. Ҳозирда фаолиятимизни кенгайтириш ва замонавий технология киритиш ҳисобига маҳсулот тури ва сифатини оширишга эҳтиёж туғилмоқда. Ушбу масалада форум қатнашчиларига ўз таклифларимни айтдим ва меҳмонлар катта қизиқиш билан қабул қилди.
Форум давомида маҳаллий тадбиркорлар билан Бухоро яҳудийлари конгресси вакиллари ўртасида тиббиёт, заргарлик, қурилиш, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Тўлқин Сиддиқов.
Бахтиёр Мустанов (фото).