Бухорода камбағалликни қисқартириш мавзусида халқаро форум бошланди
Унда 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий иқтисодчилар, ҳамкор давлат ва халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда 2026 йилгача камбағалликни 2 баробарга қисқартириш учун кўриладиган чоралар ҳақида гапирди.
Форум давомида кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратиш ва шу орқали барқарор иш жойлари очиш, инсон капиталини ривожлантириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш, энергия ресурслари нархларини либераллаштириш ва самарасиз субсидиялар ҳажмини камайтириш ҳисобига ижтимоий лойиҳаларга йўналтириладиган давлат ресурслари миқдорини кўпайтириш каби долзарб масалалар таҳлил қилинмоқда.
Ушбу тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғи Жамшид Ўроқов, иқтисодчилар ва фаолияти давомида яхши ташаббус кўрсатаётган ва салмоқли натижаларга эришиб келаётган маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳам иштирок этмоқда.
Форум доирасидаги тадбирлар эртага, 27 май куни давом этади.