Бухорога бориш учун қандай сабаблар бор?

Обод кўчалар, ҳар қадамда меҳмонхона-ю хизмат кўрсатиш шохобчалари. Жойларда сайёҳлар маҳаллий аҳолидан ҳам кўпроқдек туюлади. Уларни кўчада ҳам, ресторан-у оддий чойхонада ҳам учратишингиз мумкин. Бу Тошкент ёки туризм маркази бўлган Самарқанд эмас, балки бугунги Бухоронинг манзараси.
Вилоят бўйлаб саёҳатимизнинг икки куни Бухоро шаҳрида ўтди. Хўш, нега Бухорода сайёҳлик тез ривожланмоқда? Унда сайёҳларни жалб қилиш учун қандай йўл тутиляпти? Бу ҳудуддаги муҳит ёки аҳолининг кайфиятига боғлиқми? Қуйида кузатувларимиздан қилган айрим хулосаларимиз билан ўртоқлашамиз.
Меҳмонхоналардан муаммо йўқ
Биз Бухоронинг тарихий обидалари ёки муқаддас қадамжолари ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Истаган одам ижтимоий тармоқ орқали ҳам улар тўғрисида батафсил маълумот олиши мумкин. Келинг, бу гал масалага оддий кўз билан, сайёҳ нигоҳи билан қараймиз.
Айтиш жоизки, сайёҳ, у хоҳ маҳаллий ё хорижий бўлсин, борган манзилида, аввало, жойлашиш учун меҳмонхона қидиради. Агар ҳудуддаги меҳмонхоналарда барча тоифа меҳмонларни қабул қилиш учун шароит етарли бўлса, марра мезбонники.
Шаҳарга кириб борганимизда бизнинг эътиборимизни тортган биринчи жиҳат ҳам шу бўлди. Меҳмонхоналар кўп ва, энг асосийси, улар қадимий шаҳар кўркига путур етказмаган шаклда, замонавийлик ва миллийликни уйғунлаштирган ҳолда фаолият юритмоқда. Айтганча, бухороликлар шаҳарни эски ва янги шаҳарга ажратиб айтишар экан. Янги шаҳардаги кўп қаватли замонавий меҳмонхоналарда жойлашсангиз ҳам туризм марказларига пиёда етиб олиш имконияти бор.
Маълумотлар фикрларимизни тасдиқлайди. 2024 йилда вилоятда 584 ўринли 17 та меҳмонхона, 422 ўринли 15 та хостел, 411 ўринли 42 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилган. Шунга мувофиқ, туризм экспорти ҳам ривожланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили Бухорога 1 миллион 745 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2023 йилга қараганда 125,8 фоизга кўп. Маҳаллий сайёҳлар сони эса 4 миллион нафардан ошган.
Бу йўналишдаги ишлар давом этаётгани, айниқса, шаҳар ҳудудида катта бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганини ҳам кўрдик. Маълумотга кўра, жорий йил ҳудудда лойиҳа қиймати 7,3 миллион АҚШ долларилик 4 та меҳмонхона, шунингдек хорижий инвестиция асосида халқаро талабларга мос кўп юлдузли 3 та меҳмонхона қад ростлайди.
Пиёда сайр қилишдан ҳузурланасиз
Бухоронинг кўчалари кенг ва пиёдалар учун шароитлар етарли. Уларда кундузи ҳам, тунда ҳам сайр қилиб, Самарқанд шаҳридагидек пиёдалар йўлакчасини эгаллаб олган тадбиркор ёки реклама баннерларини кўрмадик. Кўча савдоси ҳам деярли йўқ. Албатта, тартиб бор жойда сайёҳ ўзини хавфсиз ва хотиржам ҳис қилади ва узоқ вақт шу ерда қолади.
Тартиб ҳақида гап кетганда, яна бир масалани эслаб ўтмасак бўлмайди. Гап шундаки, Бухорода кузатув камералари жуда кўп. Уларни деярли ҳар бир чорраҳа, светофор ва бурчакда кўрасиз. Ҳар ҳолда бизга шундай туюлди. Бу ҳам хавфсиз туризм концепциясининг асосий талабларидан бири.
Бундай шароитда Бухоронинг эски шаҳар ҳудудида сайр қилиш, айниқса, мароқли. Эски уйлар, тор кўчалар бўйлаб бораркансиз, ўзингизни мозийга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Бу машғулот ҳам режалаштирилмаган тартибда алоҳида туризм йўналишига айланган, дейиш мумкин. Фақат бир муаммо бор. У ҳам бўлса, аксар кўчаларнинг тунда етарли даражада ёритилмаслиги. Шу кунларда сайёҳлар куннинг жазирамасини меҳмонхонада ўтказиб, тунда сайрга чиқишини ҳисобга олсак, уларга шаҳарнинг ҳақиқий чиройини кўрсатиш, яъни тунда эркин ҳаракатланиш учун шароит яратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Чиқинди ҳам, чиқинди қутилари ҳам йўқ
Ҳа, Бухоро кўчаларини айланиб, на чиқинди уюмлари ва на чиқинди қутиларини топдик. Қизиқ ҳолат-а? Бу аҳоли маиший чиқиндиларни қаерга ташлайди, деган саволни пайдо қилади. Айни қизиқиш асносида азим кентни ободонлаштириш бўйича йўлга қўйилган ўзига хос тажриба билан танишдик.
“Аҳоли транс” масъулияти чекланган жамияти шу кунда вилоятнинг 2 та шаҳри ва 7 та туманига санитар тозалаш хизмати кўрсатиш билан шуғулланар экан. Гап шундаки, у бир нечта ташкилотни бирлаштирган кластер бўлиб, фаолияти чиқиндини йиғишдан уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олгунча бўлган жараённи қамраб олади. 2018 йилда ташкил этилган корхона бир кунда 400 тонна чиқиндини қайта ишлаб, 20 турга яқин маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга.
— Ҳақиқатан, Бухоро кўчаларида чиқинди қутиларини кўрмайсиз, - дейди чиқиндиларни йиғиш билан шуғулланувчи “Махсус автохўжалик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Назаров. – Ташкилотимиз томонидан “қўнғироқ” тизими йўлга қўйилган бўлиб, жойлардан ҳар ҳафта икки марта чиқинди йиғиштириб олинади. Бунда ҳар бир ҳудудда чиқинди аниқ белгиланган вақтда олиб кетилишига алоҳида эътибор қаратамиз. Фуқаролар қайси вақтда кўчага чиқинди олиб чиқиш кераклигини билишади. Ходимларимизга ҳам ишига қараб маош беришни йўлга қўйганмиз. Яъни, улар ўз вазифасини виждонан бажарса, даромади ортиб боради. Ишимиз самарадорлигининг асосий омиллари шу.
Кўчаларни кезарканмиз, айтилган фикрларнинг амалий натижасига гувоҳ бўлдик. Ҳовлида яшовчилар бошқа вилоятлардагидек чиқиндисини кўчага чиқариб қўймаган. Кўп қаватли уйда яшовчилар учун эса ўзимиздагидек махсус контейнерлар жойлаштириладиган иншоотлар ташкил этилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айни кунда Бирлашган Араб амирлигининг Tadweer Group компанияси лойиҳасига кўра, Бухоро вилоятининг 10 гектар ер майдонида қиймати 200 миллион АҚШ долларига тенг чиқинди ёқиш заводи қурилиши бошлангани маълум қилинди. Мазкур лойиҳа орқали йилига 547,5 минг тонна чиқинди термик усулда утилизация қилиниб, атроф-муҳитга таъсири камаяди ва 363 миллион kW.h электр энергияси ишлаб чиқарилади. Натижада вилоятдаги чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқартирилади ва 21 минг хонадон электр билан таъминланади.
Хуллас, Бухорода янгилик кўп. Энг асосийси, бу янгиликлар биринчи навбатда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, қолаверса, ҳудуднинг туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш учун хизмат қилмоқда.
Асқар Баротов,
Фазлиддин Рўзибоев.