Қўшни вилоятларда нима гап?: Туризм Бухоронинг асосий драйвери

Бухоро улкан туристик салоҳиятга эга. Масалан, тиббиёт илмининг султони, буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган Афшона қишлоғини туризм шаҳарчасига айлантириш режалаштирилган. Бухоро шаҳар Ислом Каримов кўчаси “Гастро Базар” ва “Street Food” гастрономик кўчасига айлантирилади. Ғиждувон туманида “Қўрғон”, “Туризм маҳалласи”, Вобкент туманида “Ширин этнотуризм қишлоғи” ва Аҳмад Дониш кўчасида “Туризм кўчаси”ни ташкил этилади.

- 2021 йилда пандемия шароитига қарамасдан, туризм соҳасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди, - дейди вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобур Тўқсонов. - Хусусан, 78 та янги катта-кичик меҳмонхона ишга тушиши ҳисобига уларнинг умумий сони 415 тага етди. Пандемиядан олдин вилоятга келган сайёҳлар 3,2 миллионга етган. Ўтган йил эса сайёҳлар сони қарийб 3 миллионни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан ички туризм қарийб 9,3 бараварга, хорижий сайёҳлар сонига нисбатан эса 3,6 бараварга ортди. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида бу йўналишда 20 дан ортиқ (“Насриддин Афанди”, “Шарқ таомлари”, “Ипак ва зираворлар”, “Қовун сайли” ва бошқа) маданий тадбир ва фестиваллар ўтказилди. 2026 йилгача вилоятга келувчи сайёҳлар сонини 5 миллионга етказиш учун етарли инфратузилма, транспорт, овқатланиш тармоқлари яхшиланмоқда.

2021 йил мартда Ҳиндистондан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида қиймати 14 миллион долларга тенг, Бухородаги илк 5 юлдузли (Hyatt Regency бренди остида) меҳмонхона фаолият бошлади.

Электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари мавжуд эмас

Бугунги кунда вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари мавжуд эмас. Шунинг учун 1,6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 3 та шамол ва қуёш электр станциялари барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

2023 йилда Ғиждувон ва Пешку туманларида “ACWA Power” МЧЖ хорижий корхонаси негизида 1,3 миллиард долларга тенг бўлган, қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та шамол электр станцияси қурилади. Лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 200 та иш ўрни яратилади ҳамда 2000 та ишлаб чиқариш корхонаси узлуксиз электр энергия билан таъминланади. Олот туманида 2025 йилда Халқаро молия корпорацияси техник кўмагида қуввати 250 мега-ватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу станциялар йилига 6,3 миллиард кило-ватт соат ёки вилоят эҳтиёжига нисбатан икки баробар кўп электр энергияси ишлаб чиқаради.

Қишлоқ хўжалиги етакчи тармоқлардан бири

Ҳудудининг катта қисми Қизилқум чўлларидан иборат бўлишига қарамасдан, вилоятда қишлоқ хўжалиги ўсиб бораётган соҳалардан ҳисобланади.

Бугунги кунда вилоятда 11 та пахта тўқимачилик, 13 та ғаллачилик, 7 та мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилган. Йил якунигача мева-сабзавотчилик тармоғида яна 11 та кластер корхонаси иш бошлайди.

2021 йилда вилоят бўйича 345 минг тоннадан ортиқ пахта тайёрланди, ўртача ҳосилдорлик 35,2 центнерни ташкил этган. Пахтадан 2,4 триллион сўм даромад олинган. Пахта хомашёсини қайта ишлашдан олинган даромад 4,8 триллион сўмни, соф фойда 2,3 триллион сўмни, рентабеллик даражаси 96 фоизни ташкил қилган.

- Ўтган йил қишлоқ хўжалиги экинларидан аҳолимиз даромадлари 1,8 триллион сўмни ташкил қилди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Асқар Жаводов. - Ушбу кўрсаткични жорий йилда 1,5 бараварга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Чорвачилик соҳаси Бухоро вилояти учун драйвер ҳисобланади. Соҳани ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Шундан келиб чиқиб, вилоятда ўтган йили 549 миллиард сўмлик чорвачилик лойиҳалари амалга оширилган бўлса, бу йил 701 миллиард сўмлик 113 та лойиҳани амалга оширишни олдимизга вазифа қилиб олдик.

Бундан ташқари, вилоятдаги чорва молларининг 93 фоизи аҳоли хонадонларида бўлганлиги сабабли аҳолига чорва озуқасини етказиб бериш ҳисобига ветеринария хизматини кўрсатиш, сут ва гўшт маҳсулотларини сотиб олиш ва қайта ишлаш, қисқа қилиб айтганда, кооперация тизимини йўлга қўйиш олдимизда турган асосий вазифалардан биридир.

Вилоятимизда сув таъминоти жуда мураккаб. Таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун суғориш мавсумида 2755 миллион метр куб сув талаб этилади. Бу йилги сув тақчиллиги 624 миллион метр куб ёки талабга нисбатан сув таъминоти кам бўлиши кутилмоқда.

Томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш борасида 2021 йилда 17,840 минг гектар майдонда томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий этилди.

Маҳаллалар ихтисослаштирилади

“Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили бўйича 4870 гектар ер майдонида ҳоким ёрдамчиларининг таклифи билан кооперацияларга бириктирилган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилди.

544 та маҳалланинг 120 таси чорвачилик, 124 таси деҳқончилик, 72 таси боғдорчилик, 96 таси савдо ва хизмат кўрсатиш, 19 таси иссиқхона ҳамда 15 таси паррандачилик йўналишлари ҳамда 98 та маҳалла бошқа соҳаларга ихтисослаштирилди.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги тармоқларини саноат усулида ривожлантириш, соҳага кластер тизимини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда Европа давлатларининг замонавий ускуналари ёрдамида янги корхоналар ташкил этилмоқда. “BUKXARA AGROKLASTER DZZ” масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг иккинчи чорагида ташкил этилган. Қиймати 6 миллион евро бўлган корхона маҳсулотлари ички бозорда ўз харидорига эга бўлиб бормоқда.

- Италиядан “Lattico” компаниясининг сут маҳсулотларини қайта ишловчи замонавий ускуналарни келтирдик, - дейди корхона раҳбари Темур Шарипов. – Ускуна соатига 60 тонна сутни қайта ишлай олади. Бир сменада 35 нафар ишчи билан қайта ишланган сутдан 43 хил маҳсулот олинади, мевалар ва ёғлилик даражасини ҳисобга олсак, маҳсулотимиз сони 113 тага етади.

Келгуси 5 йилда вилоятда

Кейинги 5 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 73,5 триллион сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 40,8 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, маҳаллий бюджет даромадлари 2,9 триллион сўмдан 4,7 триллион сўмга етади ёки 1,6 баробарга ўсишга эришилади.

2022-2026 йилларда вилоятда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ишсизлар сонини камайтириш мақсадида қиймати 95,4 триллион сўмлик 5 мингта йирик ва ўрта лойиҳа амалга оширилиб, 65 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Жумладан, Қоракўл туманида қиймати 2,7 миллиард долларга тенг бўлган, йилига 1,3 миллиард куб метр газни қайта ишлайдиган газ-кимё комплекси барпо этилади, 1300 та иш ўрни яратилади ва энг замонавий технологиялар асосида йилига 770 минг тонна полимер ишлаб чиқарилади.

2022-2026 йилларда қиймати 1 977,1 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит ўзлаштирилиши таъминланади.

Қоровулбозор ва Пешку туманларида қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш орқали умумий қиймати 10 триллион сўм бўлган 282 та лойиҳа амалга оширилади. Чорвачиликка ихтисослаштирилган Қоровулбозор, Бухоро, Ромитан ва Когон туманларидаги чорвачилик маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Ромитан туманида анорчилик, Вобкент туманида анжирчилик, Бухоро туманида узумчилик, Пешку туманида лимончилик ривожлантирилади.

Вилоят туманларида мева-сабзавот кластерлари кўпайтирилади. Бунда Вобкент, Пешку ва Ромитан туманларида жами 3 та мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилади ва уларга 1114 гектар ер майдони бириктирилади, 65 гектар ерда замонавий боғ ва токзорлар ташкил этилади.

Вилоят учун салоҳияти юқори бўлган яна бир тармоқ – қурилиш материаллари саноати ҳам янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун вилоятдаги 78 та кон участкаси аукционга чиқарилади, 37 та истиқболли майдонларда геология-қидирув ишлари амалга оширилади.

***

2017 йилгача вилоятда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 13,8 фоизни ташкил этган. Кейинги беш йилда янги таълим йўналишлари ҳамда Бухоро давлат университетининг педагогика институти ташкил этилиши ҳисобига қабул квоталари уч баробарга оширилиб, 47,5 минг нафар ёшлар (43,5 фоиз) олий таълим билан қамраб олинди.

Вилоят олий таълим муассасаларида Франция, Исроил, Польша, Болгария, Беларусь, Россия, Индонезия, Хитой, Ҳиндистон каби давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари асосида 30 та бакалавриат йўналиши ҳамда 12 та магистратура мутахассисликлари бўйича 1256 нафар кадр тайёрланмоқда.

Ўктам Худойбердиев,

“Зарафшон”нинг махсус мухбири.

Самарқанд-Бухоро-Самарқанд.