Икки олам хўжаси номини олган бўлса-да камтарликдан “буюк иморат” қурган ҳазрат

- Бухоронинг етти пиридан бири, “Хўжаи жаҳон”, “Зикр қалб султони”, “Икки олам Хўжаси”, “Қутби замон”, “Офоқи замон” каби жуда кўп сифатлар берилган аллома, соҳибкаромат Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шунчалик ҳурмат, марҳаматга эга бўлсалар-да оддий бўз тўқиш касби билан шуғулланиб кун кечирган. Чунки Хўжагон тариқати асоси Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъату хурофот, сохта пиру-муридликка қарши қаттиқ курашиб, тама ва миннатдан инсониятни қайтариб ҳалол меҳнат орқасидан кун кечиришга, Аллоҳ берган ризқни кўпчилик билан баҳам кўришга ундаб келган ва бунга Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ўзи ҳам қаттиқ амал қилган.

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилоят "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти ходимлари Бухорога саёҳатининг учинчи кунида Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасига келиб, шу каби қизиқарли маълумотларга эга бўлди.

Мажмуа ходимларининг таъриф этишларича, Абдухолиқ Ғиждувоний - хўжагон тасаввуфий тариқатининг муршиди, кейинчалик нақшбандия тариқати ва таълимотининг ҳақиқий асосчиси, улуғ инсонпарвар сўфий. Улуғ мутасаввуф олим ва шайх Абдухолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халфалари (муридлари) бўлиб, 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида таваллуд топган.

Мирзо Улуғбек Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний шарафига атаб 1433 йилда болаларни Қуръон ва ҳадис, фиқх ва тафсир илмлари ўрганишлари учун мўъжаз бир мадраса, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом қурдириб беради. Бухоро амири Амир Абдуллохон эса Абдухолиқ Ғиждувоний қолдирган бой меросни авайлаб-асраш учун кўп эзгу ишлар қилади, хусусан, масжид, минора ва ҳовуз барпо этади.

Абдухолиқ Ғиждувоний ҳаёти давомида «Рисолаи соҳибия», «Мақомати шайхул-шуйух Юсуф Ҳамадоний», «Насиҳатнома», «Васиятнома», «Рубоийёт» каби китоблар ёзиб қолдирган.