Камбағалликдан чиқиш: Фаровонликка ақл ва билим билан эришилади
Бир пайтлар ер сайёрасининг фаровонлик нуқтаси бўлган қадимги Римнинг 55 миллионлик аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғи қашшоқ яшаган. Улар мутлақ камбағалликда кун кечирган одамлар бўлиб, биологик тирик қолишни таъминлайдиган минимал эҳтиёжларнигина зўрға қондириш имконига эга эди.
Асрлар оша камбағаллик тушунчаси, меъёрлари маълум жамиятдаги умумий ҳаёт стандартлари асосида ўзгариб борди. Бугун камбағаллик меъёрининг асоси, моддий-маиший таъминоти кўрсаткичлари, оилавий даромад ёки истеъмол харажатларининг минимал миқдори кўринишида намоён бўлмоқда.
Сир эмас, камбағаллик мавзуси йиллар давомида Ўзбекистонда мавҳум саналар эди. Аммо ҳар қандай ишнинг ечимида, унга тўғри ёндашиш, муаммони ҳал этиш учун эса унинг борлигини тан олиш лозим. Йиллар давомида ёпиқ мавзу бўлиб келган, “кам таъминланган”, “эҳтиёжманд” каби жумлалар билан ўзига хос тарзда ифодаланган бу жумла, илк бор Шавкат Мирзиёев томонидан очиқ-ойдин қайд этилди. Бугун камбағалликдан чиқишгина эмас, балки фаровонлик сари етаклаётган ҳаракат - халқона ислоҳотларнинг бардавомлиги саналган янги ташаббус, аввало, оддий одамлар қалбида муайян янгиланишларга, яшаш ва турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборишига асос бўлмоқда. Бугун ким келаркан деб, ойна ортидан умидвор тикилганларга ками кўстини сўраб, кунда-кунора эшигидан туман раҳбарлари, ташкилот вакиллари келиб сўраб турса, уларнинг умидсиз мудроқ қалбида дахлдорлик ҳиссини, келажакка ишончини орттириб, ижобий ҳаракатга ундаши аниқ.
Юксалаётган инсон қадри
Камбағаллик, аввало, бу қатлам мавжудлигининг тан олиниши соҳага ёндашишнинг дастлабки бурилиш нуқтаси бўлди. 2020 йилда бу катта иш бошланганида, 23 фоиз аҳоли даромади камбағаллик чегарасига етмасди. Иш бошидан аҳолини камбағалликдан чиқариш учун давлат томонидан бир неча дастурлар асосида имтиёзли кредитлар ажратилди, субсидия берила бошланди, меҳнат қиламан, деган оилаларга ер берилди. Қўлида ҳунари йўқ кишиларга аввал касб-ҳунар ўргатилиб, иш билан таъминланди. Кўрилган чоралар натижасида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2022 йил бошида 17 фоизни ташкил этди, 2024 йилга келиб 11 фоизга тушди. 2030 йилга қадар эса ушбу кўрсаткични кескин қисқартириш режа қилинган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 25-моддасида “Ҳар бир инсон ўзи ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолатларда таъминланиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган.
Шунга кўра, камбағаллик даражаси ўлчови, унинг чегарасини асосий товар ва хизматлар (озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турар-жой ҳақини тўлаш, сув билан таъминлаш, электр энергияси, мактаб таълими, тиббий хизмат) учун зарур бўлган даромадлар сифатида белгиланган.
Бошқача қаралганда, аҳолининг фаровонлик индекси; уларнинг моддий, маънавий эҳтиёжларини қондириш жараёнларини ифодаловчи кўп қиррали, мураккаб ижтимоий-иқтисодий категорияларда намоён бўлмоқда. Аҳолининг турмуш даражаси, даромадлари, харажатлари, истеъмол даражаси ва унинг таркиби, уй-жой билан таъминланганлиги ва бошқа шу каби орзу ҳавасларини қамраб олади.
Бу бор гап. “Овқат иштаҳа вақти очилади”, деганларидек, харид салмоғи ҳам ҳамённинг “чўғ”ига қараб ошади. Фаровонлик асоси эса ўзбекона орзу ҳаваслар таснифида, турфа шароитларда намоён бўлади. Шу боис аҳоли ўртасида, шубҳасиз, орзу-ҳавас борасидаги тафовут қисқариб бормоқда.
Буни ўзбекона орзулар рўёби статистикаси мисолида қиёслаб кўрадиган бўлсак: Ўзбекистонда 2024 йилнинг 8 ойида 48 минг 55 та енгил автомобиль импорт қилинган. Бу 48 мингта қоракўзнинг дарвозахонасида янги хорижий автоулов пайдо бўлганини ва уларнинг азалий орзуси ушалганини кўрсатади. Ушбу орзумандлар сони эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 минг 352 тага ошган.
Шунингдек, турмуш фаровонлиги омиллари ҳисобланган маиший техника воситалари билан таъминланганлиги борасида, бугун 100 та уй хўжалигида ўртача компьютер сони 69 тани ташкил этади. Маълумот учун, ушбу кўрсаткич 2010 йилда 12 тани, 2015 йилда 47 тани, 2020 йилда 60 тани ташкил этган. Телевизорлар эса 100 та уй хўжалигига 177 тани ташкил этади. Худди шундай ҳисоблаганда кондиционерлар сони ўртача 53 тани ташкил этади ва ушбу кўрсаткич: 2010 йилда 19 тани, 2015 йилда 32 тани, 2020 йилда 40 тани ташкил этган. Шунингдек, аёлларнинг оғирини енгил қилувчи кир ювиш машинаси сони ўртача 97 тани ташкил этади. Фаровонликнинг яна бир муҳим омили саёҳат ва туризм ҳисобланиб, статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 4,5 миллион нафар ўзбекистонлик туристик мақсадларда чет элга борган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 1,2 миллион нафарга ёки 35,8 фоизга ошган.
Ўз овози билан ўз кўчасини обод қилиш имкони
Аҳоли барча қатламларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида сўнгги йилларда мамлакатимизда халқчил солиқ ва бюджет сиёсати йўлга қўйилди. Бу, энг аввало, бюджет жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган бир қатор ишларда ўз аксини топмоқда. “Очиқ бюджет” портали, шу жумладан, “Ташаббусли бюджет”, “Менинг йўлим”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” лойиҳаларини шакллантириш, бюджет маблағларини аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларга устувор равишда йўналтириш ва уларнинг натижадорлигини таъминлаш жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш механизмлари янада такомиллаштирилди. Натижада, бу лойиҳалар орқали аҳоли ўз овози билан ўз маҳалласини, ўз маконини обод қилиши, инфратузилмасини яхшилаш имконига эга бўлди.
Камбағалликдан пул эмас, ақл ва билим билан чиқилади
Иқтисодчиларнинг фикрича, камбағалликка қарши пул билан эмас, ақл ва билим билан курашиш зарур. Шу мақсадда ёшларга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқариш, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умуман, таълим жараёнлари сифатини тубдан яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Илгари олийгоҳларга ўқишга кириш жуда қийин эди. Квоталар кам, қабул имтиҳонларида турли муаммолар бор эди. Бу масалалар ҳисобга олиниб, олий таълимга қабул квотаси йилдан-йилга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони оширилиб, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди. Биргина Самарқанд вилояти мисолида кўрсак, 2010 йилда олий таълим муассасалари 6 та бўлиб, уларда 23 минг талаба таҳсил олган бўлса, бугунги кунга келиб 15 та таълим муассасасида 90 минг 588 нафар талаба-ёшларнинг орзуси рўёбга чиқиб, олий таълимдан баҳра олмоқда.
Узлуксиз таълим ижодий, ижтимоий фаол ҳамда маънавий бой шахсни шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади. Узлуксиз таълимнинг ягона тизимида эса мактабга тайёргарлик муҳим ўрин тутади. Авваллари фақат шаҳар жойларда ишлайдиган оналар фарзандлари мактабгача таълим билан қамраб олинган бўлса, бугун тармоқда кенгайиш ҳисобига қамров даражаси кескин ошган. Бу борада Самарқандда 2010 йилда 574 та боғча фаолият юритиб, тарбияланувчилар сони 45 минг 298 нафарни ташкил этган бўлса, бугун кўплаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари очилиши ҳисобига вилоятда 4 минг 285 та мактабгача таълим ташкилоти, 251 минг 130 нафар бахтиёр болажонни ўз баҳрига олган.
Аҳоли турмуш даражасини баҳолашда унинг яшаш шароити ва стандартлари, аҳолининг обод ва замонавий уй-жойлар билан таъминлангани энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Барча ҳудудларда уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами йил сайин кенгаймоқда. Бу борада вилоятда 2010 йил 524 минг 236 та (квартира) уй-жойлар мавжуд бўлган бўлса, охирги маълумотга кўра, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга қаратилган самарали ислоҳотлар натижасида, (квартиралар) уй-жойлар сони 841 минг 896 тага етган.
Дастурхонларимиз тўкин
Кейинги йилларда жон бошига тўғри келадиган энг муҳим озиқ-овқат товарлари бўйича истеъмол ҳажми, сарф-харажатлар миқдори ҳам сезиларли равишда кўпаймоқда. Аҳоли сонига нисбатан уларнинг даромадлари юқори суръатлар билан кўпайганлиги сабабли маҳсулотлар сероблиги таъминланиб, нарх-наво барқарорлигига эришилиб, уларнинг гўшт, сут маҳсулотлари, мевалар истеъмолига харид даражаси ошиб бормоқда.
Бу борада Самарқандда 2024 йилда вилоятдаги барча тоифадаги хўжаликларда 151 минг тонна гўшт, 690 минг тонна сут, 525,9 миллион дона тухум ишлаб чиқарилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилган.
Албатта, юқорида таъкидлаганимиз, тарихдан ҳам, бутунжаҳон амалиётидан ҳам маълумки, биргина иқтисодий воситалар асносида камбағаллик билан курашиб бўлмайди. Бунинг учун давлат сиёсати даражасидаги жиддий саъй-ҳаракатлар керак. Иқтисодиётдаги ютуқлар ва ресурслар халқ орасида тенг тақсимланса ва бундан аҳолининг заиф қатламлари ҳам баҳраманд бўлса, камбағаллик қисқаради. Бугунги аҳолига ер берилиши, субсидиялар ажратилиши, касбга ўқитилиши, замонавий инновацион ускуналар билан таъминланиши, шунингдек, уларга ёндош инфратузилмалар яратилиши каби халқчил ислоҳотлар фонида, бу чора-тадбирларнинг муваффақиятли амалга оширилаётганини ҳис этишимиз мумкин.
Шуҳрат Нормуродов.