Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш. Давлат сиёсатининг бу устувор йўналишида нима ишлар қилинмоқда?

Қайд этилаётган масала аввалида айрим рақамларга тўхталиб ўтсам. Зеро, айнан шулар қилинган ва қилинаётган ишлар моҳиятини англашда муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан, бугунги кунда вилоятда 1 миллион 638 минг нафар иқтисодий фаол аҳоли мавжуд. Таҳлилларга кўра, иш билан банд бўлганлар 1 миллион 554 минг нафарни ташкил этади. Шундан расмий секторда бандлар 702,6 минг нафар, норасмий секторда бандлар 599,6 минг нафар, хорижга ишлаш учун кетганлар 252,4 минг нафар, ишсизлар 83,3 минг нафар.

Бандлик дастури амалда

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 34 минг 404 нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашилди (19474 нафари хотин-қизлар ва 11064 нафари ёшлар).

Бугунги кунда вилоятдаги 13357 та корхона ва ташкилотда 36 мингта бўш иш ўрни мавжуд. Мавжуд бўш иш ўринларининг 10991 таси олий, 22308 таси ўрта-махсус маълумот талаб этса, 2734 таси маълумот талаб этмайди.

Шунингдек, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши сессиялари қарорлари билан тасдиқланган режа-графикларга асосан жорий йилнинг январь-август ойларида 219,2 минг аҳолини банд қилиш белгиланган бўлиб, амалда 265,1 минг аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинди.

Хусусан, инвестиция лойиҳалари ҳисобига 11,5 минг, аҳолини доимий ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш соҳасида 183,9 минг, қишлоқ хўжалигида 58,3 минг, қурилиш йўналишида 11,6 минг аҳоли доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд қилинди.

Амалга оширилган ишлар ҳамда чора-тадбирлар ижроси бўйича йил якуни билан Бандлик дастури 360 мингтага ёки 112,5 фоизга бажарилиши прогноз қилинган.

Бепул касб-ҳунарга ўргатилади

Вилоятимизда Президентимизнинг “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг ваучер тизими жорий қилинган.

Бунда касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлган фуқаро ваучер асосида таълим муассасасини эркин танлаш имкониятига эга. Ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли касб-ҳунар ва хорижий тилларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан бепул ўқитилади.

Вилоятимизда банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи 6 та касбий кўникмалар маркази ҳамда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида ecosys.mehnat.uz дастуридан ўтган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасарруфидаги 24 та касб-ҳунар мактаби ва 20 та нодавлат таълим муассасаси мавжуд.

Жорий йилда 16,9 минг нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш режалаштирилган бўлиб, ўтган давр мобайнида 17,3 минг нафар ишсизлар талаб юқори бўлган 36 та йўналишда касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитилди.

Ишлар маҳаллабай амалга оширилади

Йилнинг ўтган даври мобайнида ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда 154 минг 643 нафар аҳоли ўзини-ўзи банд қилган, 100985 нафар фуқаро доимий иш жойларига жойлаштирилган, 6838 нафар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган.

Вилоятда ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида ўқиш истагини билдирган 16604 нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди.

2025 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳани ишга тушириш топшириғи асосида, ҳоким ёрдамчилари томонидан “Online-mahalla” платформасида 37 389 та микролойиҳа киритилди ва 1,7 триллион сўмлик бу лойиҳаларда 76673 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан 253 нафар фуқарога 2,9 миллиард сўм ссуда ҳамда 90 нафар фуқарога 635,8 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар аҳолининг маҳаллалар ўсиш нуқталари (драйвер) асосида даромадларини оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Шу мақсадда жисмоний ва юридик шахсларга 314,2 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, ушбу молиявий манбалар маҳаллаларда ишсизлар, ёшлар ва хотин-қизларнинг кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда кўмак бўлмоқда.

Меҳнат инспекцияси амалга оширган ишлар

Жорий йилнинг ўтган январь-сентябрь ойлари давомида давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 740 та корхона ва ташкилотда ўрганиш ўтказилди. Ўрганишлар давомида 3396 та камчилик аниқланган. Бу камчиликлар бўйича 705 та иш берувчи мансабдор шахсларга нисбатан 1612,3 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилган.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспекторлари томонидан бирйўла тўланадиган нафақа пули ва ойма-ой зарар пулларини ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судларга 5 та (345,7 миллион сўмлик) даъво аризаси киритилган.

2025 йил январь-сентябрь ойлари давомида вилоят миқёсида корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш билан боғлик ҳолда 37 та бахтсиз ҳодиса текширилиб, ҳисобга олинди.

Камбағаллик даражаси пасайтирилади

Вилоятда йил бошида 70285 оила (321173 аъзолари сони) камбағаллик реестрига киритилган бўлиб, жорий йилда 35663 та оила (аъзолари 163384 нафар) ни камбағалликдан чиқариш режаси тасдиқланган.

Йилнинг 9 ойида мазкур оилалар учун тузилган индивидуал режалар асосида 29238 та оилага даромадини оширишга қаратилган хизматлар кўрсатилди.

Жумладан, 22940 киши доимий ишга жойлаштирилди, 23633 киши тадбиркорликка жалб этилди, 8240 нафарига кредит ва субсидия маблағлари ажратилган ҳамда 489 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

Камбағал оилаларга кўрсатилган хизматлар натижасида йилнинг ўтган даври мобайнида 30002 та оила (аъзолари сони 124611 нафар) камбағаллик реестридан чиқарилди. Йил якунига қадар 8983 та оилани камбағаллик реестридан чиқариш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинган.

Темур МАҲМУДОВ,

вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи.