Ҳамманинг муносиб меҳнат қилиш ҳуқуқи бор
Пайариқлик Миржалол бундан икки йил олдин автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолди. Икки фарзанди бор, айни меҳнат қилиб, оиласини боқадиган даври. Шу боис у тақдирга тан бермади, имкониятидан келиб чиқиб меҳнат қилишда давом этди.
Бошида осонроқ кунлик ишларга чиқди, кейин хотини билан пардалар тикишни йўлга қўйди. Бироқ ҳар икки соҳа ҳам доимий даромад келтирмас эди.
— Асосийси, тушкунликка тушганим йўқ, - дейди Миржалол Саидаъзамов. – Ҳаракатларим бесамар кетмади. Олти ой олдин “Немо Ареа” масъулияти чекланган жамиятига оператор лавозимига ишга кирдим. Шароити ўзимга мос. Раҳбаримиз имкониятларимни инобатга олади. Уйда ҳам иш тўхтагани йўқ, оилавий тикув цехини очиш ҳаркатидамиз.
Меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳар бир фуқаронинг Конституцияда белгиланган асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Унга кўра, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши керак. Жорий йилги давлат дастурида ҳам бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилган. Фақат имконияти чекланганлар бу ҳуқуқидан фойдалана оляптими? Пайариқ тумани мисолида вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик.
Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказидан олган маълумотимизга кўра, туманда 5 минг нафарга яқин имконияти чекланган фуқаро истиқомат қилади. Шундан 773 нафари меҳнатга лаёоқатли. Давлат идораларини қўшмаганда, бўлим томонидан жорий йил фақат 8 нафар ногиронлиги бор фуқарога хусусий секторда ишга жойлашишда кўмак берилибди. Шундан 4 нафари иш берувчи томонидан ойлик берилмаганлиги учун ҳозирда ишга чиқмаётган экан. Миржалол шулардан бири.
— Вазирлар Маҳкамасининг 203-сон қарорига асосан, ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга қабул қилган иш берувчиларга 6 ой давомида ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия ажратилиши таъминланяпти, - дейди бўлимнинг ишсизларни ҳисобга олиш ва иш билан таъминлаш шуъбаси мудири Усмон Отақулов. – Шунингдек, иш берувчилар ўртасида ҳукумат томонидан берилаётган шу ва бошқа имтиёзлар юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориляпти. Натижада ҳамкорликка рози бўлаётган ишбилармонлар сони ортиб бормоқда. Бундан ташқари, туман ҳокимининг тегишли қарори билан жорий йил ҳудуддаги 133 та ташкилотда 392 та захираланган иш ўринлари яратилди. Шундан 63 та корхона-ташкилотда 93 та бўш иш ўрни ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ажратилиб, ҳозиргача уларда 60 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.
Туманда имконияти чекланган фуқаролар меҳнат қилишига ихтисослаштирилган корхона ёки ташкилот йўқ экан. Меҳнатга лаёқатли шахсларни тавсия этилган касбларга йўналтириш ёки қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ўтган вақтда 58 нафар шундай фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, улардан 40 нафари янги мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилган.
— Таҳлиллар туманнинг 700 нафар ногиронлиги бор фуқароси турли соҳаларда меҳнат қилиб келаётганлигини кўрсатди, - дейди туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази шуъба мудири Раҳматулла Юнусов. – Аммо уларнинг 500 нафарга яқини иш берувчисидан ногиронлигини яшириб ишлаб келаётган экан. Ҳолбуки, тескариси бўлганида, имконияти чекланган фуқаро ҳам, уни ишга олган иш берувчи ҳам қонунчиликда белгиланган қатор қулайликлардан фойдаланган бўларди. Мутахассисларимиз жойларда ҳар икки томонга шу бўйича тушунчалар бериб бормоқда.
Бандлик идораси ва ижтимоий хизмат тизими ўртасидаги ҳамкорлик самараси ўлароқ, туманда имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам тенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, ижтимоий ходимлар ҳар бир ногиронлиги бор фуқаро билан индивидуал ишлаб, уларни реабилитация қилиш, касбга ёки пара-спортга йўналтиришда бош-қош бўлмоқда. Ҳозиргача тумандан 53 нафар имконияти чекланган фуқаро пара-спорт турларига жалб қилинган. 128 нафарига протез-ортопедия мосламалари, 728 нафарига реабилитация қилишнинг техник воситалари берилиб, ижтимоий фаоллиги оширилган.
— Ўтган йили Бухоро давлат университетини тамомладим, - дейди II гуруҳ ногирони Жаббор Шавқиддинов. – Катта мақсадларим бор. Шу боис туманга келиб, қилган биринчи ишим “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига бориш ва иш сўраш бўлди. Уларнинг кўмаги билан банкка, ўз мутахассислигим бўйича ишга кирдим. Ҳозирча муаммо йўқ, ўзим хоҳлагандек муҳитда меҳнат қиляпман. Истак бўлса, шароит топилар экан.
Мавзуни ўрганиш давомида бир ҳолат эътиборимизни тортди. Айнан бандлик идорасининг ногиронларни иш билан таъминлашдаги иштироки камлиги. Бошқача айтганда, ташкилот фаолияти асосан бюджет ёки давлат иштирокидаги идораларда захирага олинган иш ўринлари билан чекланади. Асосий иш берувчи ҳисобланмиш хусусий сектор билан ҳамкорлик масалалари мақтагулик эмас. Уларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олишнинг қонуний тартиби ишлаб чиқилмаганлиги бунинг сабабларидан бири бўлса ажаб эмас.
Асқар БАРОТОВ.