Банк, ҳокимият, ёрдамчи. Бу “учбурчак”дан кредит излаётган тадбиркор ҳасрати
20 йилдан буён дурадгор устаман. Эшик-ром, стол-стул, ўриндиқлар, умуман, тахта билан бажариладиган барча жиҳозларни ясайман. 2021 йил апрелда қонуний тарзда фаолиятимни кенгайтириш ва маҳалламиздаги ёшларни иш билан банд қилиш истаги пайдо бўлди.
Бунинг учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, банк кредити ҳисобидан иш ўрни яратиш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришни мақсад қилгандим. Бунинг учун икки ой беҳуда солиқ тўладим, банк ходимининг талаби билан банкдан ҳисоб-рақам очдик, муҳр олдим. Аммо “Агробанк” туман филиалига кўп маротаба мурожаат қилишимга қарамасдан, турли важлар билан кредит ажратмади. Бир сафар паррандачилик учун кредит ажратишини билдирди, аммо мен ўз йўналишим бўйича кредит олмоқчи эканлигимни айтдим. Лекин йил тугади ҳамки кредитдан дарак йўқ.
2022 йил март ойида 810 минг “бадал пули” тўлаб, “Ҳунарманд" уюшмаси туман бўлимига аъзо бўлдим. Кредит ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида ажратилишини эшитиб, унга ҳам кўп мурожаат қилдим. У эса ҳар хил ҳужжат олиб келишимни сўрайди. Ҳоким ёрдамчиси банкка икки хил ҳужжат тақдим этган. Яъни, мени ҳам жисмоний шахс, ҳам тадбиркор сифатида кўрсатиб ҳужжат берган. Банкдагилар бу икки хил ҳужжат билан кредит ажратилмаслигини айтмоқда.
Мен фаолиятни кенгайтиришимга ишониб, март ойининг ўрталарида таъминотчи корхона билан электрон шартнома имзолаб, тахта, бўёқлар ва бошқа керакли хомашё олгандим. Энди таъминотчи етказган маҳсулоти учун пулини сўрайди, банк эса икки йилдан буён кредит ажратишни пайсалга солади.
Қонуний фаолият юритиб, ёшларни иш билан таъминлаш, уларга ҳунар ўргатишим менинг айбимми? Ҳоким ёрдамчиси кунда сарсон қилади, сектордагилар ҳар доим ёлғон ваъда билан жўнатишади. Туман ҳокими қабулида ходимларга кўрсатма беради, улар “бажарамиз”дан нарига ўтмайди. Икки йилдан буён шу масалада ёрдам сўраб, Президент порталига ҳам мурожаат қилдим. Банк ходимлари, масъуллари уйимга келиб, “Мурожаатни ёпиш учун имзо қўйиб беринг, сизга кредит ажратамиз”, дейишади, имзо қўйдиришгач, уларни топиб бўлмайди.
Қонуний тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқарога муносабат шуми?
Абдуназар Ботиров,
Пахтачи тумани
Болтали маҳалласи.