Камбағалликни қисқартириш: “Маҳаллабай” тизимидан фойдаланишнинг қандай ижобий ва салбий томонлари бор?

Аввало, ижобий томонлари ҳақида.

Биринчидан, республика аҳолисини рўйхатдан ўтказиш тадбири якунлариниши яна икки йил кутмасдан туриб, жойлардаги ижтимоий ҳолатга объектив баҳо бериш имконияти туғилди.

Иккинчидан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилаётган моддий ёрдам, субсидиялар, имтиёзли кредитлардан мақсадли ва нисбатан самаралироқ фойдаланиш мумкин.

Учинчидан, жойларда вужудга келган ижтимоий ҳолат, камбағалликни қисқартириш учун лозим бўлган молиявий манбалар билан давлат бюджети имкониятларини таққослаб кўриш имконияти яратилди.

Тўртинчидан, доимий иш билан банд бўлмаган кишилар рўйхатини тузиш ва аҳоли бандлигига тааллуқли статистикага аниқлик киритиш, уларда мавжуд кўникма, тажриба, билим ва маҳоратни мамлакат ичида ёки четда рўёбга чиқаришнинг турли вариантларини ишлаб чиқиш  бўйича таклифлар тайёрланди.

Бешинчидан, ажралишлар сабаб бўлаётган ижтимоий-иқтисодий сабабларни чуқурроқ ўрганиш ва ушбу муаммо ечимига тааллуқли тўлақонли чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш имконияти вужудга келди.

Олтинчидан, фуқаролик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт,туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома) га аниқлик киритиш, бу борадаги камчиликларни зудлик билан бартараф этиш имконияти.

Еттинчидан, таълим соҳасини ишлаб чиқариш соҳалари билан чамбарчас боғлаган ҳолда такомиллаштириш имконияти кенгайди.

Энди салбий томонлари ҳақида фикр юритамиз.

Биринчидан, тадбиркорлик фаолиятининг яна ҳам майдалашиб кетиши ва мамлакатнинг стратегик ривожланиши масалаларига иккинчи даражали вазифадек қараш эҳтимоли вужудга келди.

Иккинчидан, чекланган молиявий, моддий, энергия ва меҳнат ресурсларидан паст самара билан фойдаланиш эҳтимоли пайдо бўлди.

Учинчидан, бир-бирига боғланмаган, ҳудудлар ўртасида мувофиқлаштирилмаган турдош ишлаб чиқаришлар вужудга келди.

Тўртинчидан, нима, қачон ва ким учун ишлаб чиқариш керак, деган саволларга тўғри жавоб топа олмаслик натижасида нархларнинг у ёки бу томонга кескин ўзгариб кетиши ва тадбиркорлик фаолияти натижадорлиги пастлигидан келиб чиқадиган бошқа салбий ҳолатлар келиб чиқяпти.

Бешинчидан, маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиларини функцияларига аниқлик киритилмаганлиги, улар бир бирларининг функцияларини такрорлаяпти.

Олтинчидан, маҳаллаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ўзаро катта фарқ қиладиган компетенцияга эга, саёз мезонларга қараб, шошма-шошарлик билан танланган, айримлари чуқур иқтисодий ёки ҳуқуқий билимларга эга бўлмаган, адолат тамойилларига турлича ёндашадиган, жамоатчилик назоратига олинмаган шахсларга боғланган ҳолатлар ҳам юзага келди.

Бу, албатта, менинг шахсий фикр ва хулосаларим.

Шу ерда бир ғоя туғилди. Ушбу тажриба бошланишидан уч ой ўтгандан кейин ҳоким ёрдамчилари фаолиятига баҳо бериш, уларни умумий йиғилишларда сайлаш амалиётини йўлга қўйиш лозим. Кейинчалик ушбу амалиёт туман, шаҳар ҳокимларини сайлаш учун яхши мактаб бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Илҳом Вафоев,

иқтисодий шарҳловчи.