Янги лойиҳа: Ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёргарлигига кўмак

2024–2026 йилларда “Самарқанд вилоятида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ёшларнинг ҳаётда муваффақиятга эришишлари учун муносиб ёрдам кўрсатиш” мавзусидаги янги ижтимоий лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Лойиҳа SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари уюшмаси ва Австриянинг SOS Kinderdorf International ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Унинг асосий мақсади — вилоятдаги ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга ёрдам бериш, таълим, касбга йўналтириш ва жамиятда муносиб ўрин топишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Тадбирда давлат идоралари, маҳаллий ва нодавлат ташкилотлар ва соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этиб, ижтимоий хизматларни мувофиқлаштириш, болаларнинг таълим олиши ва касбга йўналтирилиши бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашишди.

SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари уюшмасининг Самарқанд шаҳар филиали директори Дилрабо Давронованинг таъкидлашича, бугунги кунда 138 мамлакатда фаолият юритувчи халқаро SOS Kinderdorf ташкилоти васийлигидаги болалар тарбияси самарали йўлга қўйилган бўлиб, 20 йил мобайнида тарбияланган болаларнинг ҳеч бири салбий ижтимоий ҳолатга дуч келмаган, улар жамиятда ўз ўрнини топиб, оила қурган ҳолда ҳаёт кечирмоқдалар.

- Лойиҳа дастлаб тажриба сифатида Самарқанд шаҳрида амалга оширилмоқда, - дейди Д.Давронова. - Ташкилотимиз томонидан “Болаларни муқобил парвариш қилиш хизмати”, “Ижтимоий етимликни олдини олиш” ва “Ёшларга ҳамроҳлик қилиш” каби йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 8 та оилавий болалар уйида 57 нафар бола, қисқа муддатли парвариш асосида 11 нафар бола тарбияланмоқда ва 6 та оилавий болалар уйидаги 31 нафар болага ҳамроҳлик хизмати кўрсатилмоқда.

Шунингдек, ижтимоий етимликнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳри маҳаллалари билан ҳамкорликда 358 та оила ва 886 нафар бола қамраб олинган. Самарқанд шаҳридаги турли маҳаллаларда ижтимоий марказлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, қийин ҳолатдаги оилаларга сифатли ижтимоий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизмати доирасида 62 нафар 16 ёшдан катта йигит-қизлар касбий йўналиш, ҳаётга тайёргарлик ва тураржой билан таъминлаш каби масалаларда қўллаб-қувватланмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Раъно Тошниёзованинг таъкидлашича, болаларни зўравонликдан асраш, ёлғиз ёки эҳтиёжманд болалар учун оилавий тарбия муҳитини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари, ижтимоий ходимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Шарқ аёли” халқаро жамоат фонди томонидан шаҳардаги бешта мактабда 2000 нафар 7-11-синф ўқувчилари психологик тестдан ўтказилган. Натижада болаларнинг 30 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлиги аниқланган ва уларга мутахассислар бириктирилган. Келгусида бу каби лойиҳаларни кенгайтириш, болаларнинг соғлиғи ва руҳий ҳолатидаги муаммоларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш режалаштирилган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.