Самарқандда маҳалла ходимлари тақдирланди

22 март — Маҳалла ходимлари куни

Маҳалла – жамият таянчи. Юртимиздаги ўзига хос бошқарув тизими сифатида қабул қилинган мазкур тизим ҳудуд ривожи, осойишталиги, ободлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда мазкур тизимга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, фаолият самарадорлигини янги босқичга кўтариш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Албатта, ҳар бир соҳа ривожида унинг жонкуяр, фидойи ходимлари алоҳида аҳамият касб этади. Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини самарали ташкил этиш тизим ходимларидан улкан масъулият  талаб қилади. Ана шундай залворли вазифада муносиб фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш, улар фаолиятига эътибор қаратиш мақсадида 2020 йилдан буён юртимизда 22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида нишонланмоқда. 

Ушбу сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, маҳалла тизими ходимларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. 

Жумладан, Пахтачи туманидаги “Қарнабота” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Учқун Бегматов “Дўстлик” ордени билан, Каттақўрғон туманидаги «Жизмон» оилавий шифокорлик пунктининг тиббий бригада фельдшери Нуридин Норбеков II даражали «Саломатлик» ордени билан, Нуробод туманидаги «Аработа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Гавҳар Исаева “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.


Самарқанд вилояти ҳокимлигида ушбу мукофотларни ва яна бир гуруҳ фидойиларга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини топшириш маросими ўтказилди.  


Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов маҳалла фаолларини байрам билан табриклаб, уларнинг заҳматли меҳнатларини эътироф этди. 

– Соҳадаги камтарона меҳнатимиз юксак қадрланиб, давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан жуда хурсандман, – дейди Пахтачи туманидаги “Қарнабота” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Учқун Бегматов. – Тизимда 1996 йилдан бери турли вазифаларда фаолият юритиб келмоқдаман. Албатта, ўтган давр мобайнида тизим ўзига хос ривожланиш босқичини босиб ўтди. Самарадорликни ошириш мақсадида ўтказилган ислоҳотлар жараёни бугунги кунга келиб маҳалла институтини жамият таянчи эканлигини исботлади. Шу боис ҳам айни кунларда давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллага алоҳида эъибор қаратилмоқда. Ана шундай эътибор ва ғамхўрликлар самарасида вилоят, туман марказларидан анча олис ҳудудда жойлашган бўлса-да, маҳалламиз обод манзилга айланиб бормоқда. Аҳолимиз тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланган. Ҳудуддаги 45-умумий ўрта таълим мактаби қайта таъмирланди. 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти ва болалар мусиқа ва санъат мактаби бунёд этилди. Маҳалламиз ички йўллари таъмирланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “маҳалла еттилиги” ташкил этилганлиги ҳудуд аҳолисининг муаммоларини шу ернинг ўзида ҳал этишнинг энг мақбул ечими бўлди. Мана шундай имкониятларнинг яратилиши тизимдаги ҳар бир ходимнинг ишига янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Албатта, келгусида янада самарали меҳнат фаолиятимиз билан билдирилган ишончни оқлаймиз.

Маҳалла тизим ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларни самарали фаолиятини муносиб рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ҳар йили ушбу санада маҳалла тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фидойиларга тантанали топшириб келинмоқда. Шу кунгача Самарқанд вилоятидан 251 нафар маҳалла жонкуярлари “Маҳалла ифтихори” билан тақдирланган. Улар сафига бугун ўзининг фидокорона меҳнати билан жамият ривожи йўлида муносиб меҳнат қилиб келаётган яна 18 нафар тизим ходимлари қўшилди.

– Маҳалла тизимида 18 йил фаолият юритдим, – дейди Ургут туманидаги Бешёғоч маҳалласи фаоли Нажмиддин Аъзамов. – Маҳалламизда тўрт ярим минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг тинчлиги, ободлигини таъминлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш катта масъулият талаб қилади. Шу боис, бугунги кунда ҳам маҳалламиз масъулларига кўмакдош бўлиб, ҳудуддаги муаммоларни ҳамжиҳатликда бартараф этишга ўз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман. Тизимдаги меҳнатимизни қадрлаб, муносиб кўришгани учун миннатдорлик билдираман.