Самарқандда қанча ишсиз фуқарога неча сўм ишсизлик нафақаси тўланган?
Меҳнат кодексининг 65-моддасига кўра, ишсиз деб эътироф этилган шахсга у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан ишсизлик нафақаси тайинланади. Ишсиз шахснинг нафақани тўлашни бошлаш фуқаро иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган кундан 11 кундан ошмаслиги керак.
Ушбу нафақа бир йилда кўпи билан йигирма олти календарь ҳафта давомида тўланади.
Хусусан, агар шахс аввал қайсидир ташкилотда ишлаб кейин ишсиз деб топилган бўлса, унга нафақа аввалги иш жойида сўнгги йилда олган ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўланади. Мазкур тамойил бўйича жорий йилнинг январь ойида вилоят бўйича 1156 фуқарога 805,7 миллион сўм ишсизлик нафақаси тўланган.
Агар шахс аввал ишламаган бўлса, унда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида 75 фоизи миқдорида тўланади. Ҳозирда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 747 минг 300 сўм эканини ҳисобга олсак, бунда ишсизлик нафақаси 560 минг 475 сўм миқдорида белгиланади.
Агар шахс аввал қаердадир ишлаган ишдан бўшаганига узоқ муддат, яъни 1 йилдан кўп бўлган бўлса, ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини бир баравари - 747 минг 300 сўм миқдорида ишсизлик нафақаси тўланади.
Феруз Болиев,
Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси шўъба бошлиғи.