Самарқандда йил якунигача 50 та янги корхона экспортга жалб қилиниши айтилмоқда
“Ўзбекистон-2030” ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси билан жорий йилда Хитой тажрибасига таянган ҳолда йирик ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2024 йил 30 августдаги сессиясида вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Ҳамраев маълумот берди.
Таъкидланишича, Хитой билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни ўзлаштириш ҳамда барча манбалар ҳисобига инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилади. Бу лойиҳалар иштирокида ташкил этилган корхоналар ҳолати доимий равишда ўрганиб борилади ва таҳлил қилинади. Ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш мақсадида зарур бўлган кредит маблағларини ажратилишини таъминланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, биргина ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида қиймати 23,9 триллион сўмлик 709 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 19838 та иш ўрни яратилади. Жорий йилда 50 дан ортиқ янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилиниши натижасида 10 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотни экспортга чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини 20 миллион долларга етказиш режалаштирилган.