Самарқандда замонавий жарроҳлик маркази ташкил этилди

Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўтказилаётган “Амалий хирургияда ҳозирги замон ёндашувлари” мавзусидаги халқаро Самарқанд –Санкт-Петербург симпозиуми доирасида университет кўп тармоқли клиникасининг янги хирургик биноси очилди.

Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникаси қарийб 100 йиллик тарихга эга бўлиб, дастлаб республика шифохонаси сифатида фаолият кўрсатган. Бу ерда тиббиётнинг 30 дан ортиқ йўналишлари бўйича халқаро стандартларга жавоб берадиган ихтисослашган юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Кейинги ўттиз йилда клиникада туғруқ комплекси, маслаҳат поликлиникаси, функционал диагностика, эндоскопик хирургия бўлимлари ҳамда умумий амалиёт врачларини тайёрлаш маркази ташкил этилди. Муассаса замонавий юқори технологияли тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Охирги уч йилда клиникада МРТ, МСКТ, рақамли рентген, сўнгги русумдаги УТТ аппаратлари ўрнатилган диагностика маркази ишга туширилди. Хорижий давлатлар билан ҳамкорликда замонавий технологияли мураккаб операциялар, жумладан жигар ва буйрак трансплантацияси, бариатрик операциялар, нейроэндоскопик, микрофтальмологик, эндоурологик, лапароскопик, торакоскопик жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди. Коронавирус пандемияси даврида махсус лаборатория ташкил этилди ва у Германияда ишлаб чиқарилган ПЗР ҳамда иммунофермент анализаторлари билан жиҳозланди.

200 ўринли янги хирургик бино ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилди. Халқаро андозалардаги лойиҳа асосида 5 қаватли бино қурилиши 2021 йилда бошланиб, қарийб тўрт йил давом этди. Бу ерда 64 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилди.

Бинонинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Санкт-Петербург вице-губернатори Олег Эргашев иштирок этиб, янги марказ аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. 

– Кейинги йилларда юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз ўз ҳаётида сеза бошлади, – деди Э.Турдимов. –  Жумладан, бугун республика даражасидаги 261 турдаги жарроҳлик амалиётларининг 243 таси Самарқандда ҳам амалга оширилаётгани соҳанинг қанчалик жадал ривожланаётгани, вилоятимиздаги тиббий муассасалар моддий-техник базаси мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Биргина 2023 йилда вилоятимиздаги тиббий муассасаларда инвестиция ва маҳаллий бюджет маблағлари асосида 133 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Жумладан, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали янги бинога кўчиб ўтди, тери-таносил касалликлари шифохонасининг янги биноси қуриб битказилди, Самарқанд шаҳар 1-сон туғруқ мажмуаси учун Қорасув массивида янги, замонавий бино қад ростлади.

Янги бинода маслаҳат поликлиникаси, реабилитация, офтальмология, ангиохирургия ва рентгенэндоваскуляр хирургия, хирургия ва жигар трансплантацияси, урогинекология ва буйрак трансплантацияси, анестезиология ва реанимация бўлимлари ташкил этилди.

Тадбир қатнашчилари бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.