Самарқандда Зулфия давлат мукофоти учун танловга саралаш бошланди

Йилдан-йилга хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда улар нафақат таълим, фан, санъат, адабиёт, ахборот технологиялари, спорт ва тадбиркорлик каби соҳаларда юксак ютуқларга эришмоқда, балки халқаро майдонларда ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Бу жараён уларнинг салоҳиятини тўғри йўналтириш, иқтидорни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими самарали йўлга қўйилганидан далолат беради. Ана шундай рағбатлантирувчи омиллардан бири — Зулфия номидаги Давлат мукофотидир. Ушбу мукофот қизларимизнинг фаоллигини ошириш, имкониятларини очиб бериш ва юксак марраларга етишишида муҳим роль ўйнамоқда.
- Кейинги йилларда ушбу мукофотга талабгорлар сони йил сайин ортмоқда, - дейди вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси Ойтўла Абдурайимова. - 2023 йилда туман ва шаҳар босқичларида 900 нафар қиз иштирок этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1059 тани ташкил этди. Уларнинг 142 нафари вилоят босқичига сараланиб, 24 нафар ёш танловнинг республика босқичида қатнашган, 2 нафари эса ғолиб деб топилиб, юксак эътирофга сазовор бўлган.
Бу, албатта, қизларимизнинг интилишлари, меҳнатсеварлиги ва билимга чанқоқлигидан далолатдир. Шу билан бирга, жойлардаги ишчи гуруҳлар, мураббийлар ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган тайёргарлик ишлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
2024 йил 1 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 731-сонли қарорига мувофиқ, мазкур мукофот 8 йўналишда — таълим, фан, адабиёт, санъат, спорт, ахборот технологиялари, жамият ишларида фаоллик ва тадбиркорлик соҳалари бўйича топширилади. Танловни ташкил этишда адолат, шаффофлик, салоҳиятни баҳолаш мезонларига катта эътибор қаратилаётгани ҳам қизлар ўртасида ушбу мукофотга нисбатан ишонч ва иштиёқни янада кучайтирмоқда.
Оқдарё туманида ҳам Зулфия мукофоти бўйича олиб борилаётган ишлар яхши натижа бермоқда.
– Шу пайтга қадар туманимиздан 3 нафар хотин-қиз ушбу мукофот соҳибаси бўлди, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Юлдуз Ўроқова. – Жумладан, Назокат Абдураҳмонова таълим йўналишида, Мадина Қаноатова санъат йўналишида совриндор бўлган. 2024 йилда туманда 154 нафар қиз танловнинг туман босқичида иштирок этди. Улар орасидан 14 нафари вилоят босқичига йўлланма олди. 3 нафари мамлакат босқичига чиқиш шарафига муяссар бўлди. Янгиқўрғон маҳалласида туғилиб ўсган Гулҳаё Анорова адабиёт йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ деб топилгани бизни хурсанд қилди.
Бу нафақат тумандаги таълим ва тарбия тизими самараси, балки иқтидор эгаларини таниқли устоз ва мураббийлар раҳбарлигида юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар натижасидир. Бугунги кунда 2025 йилда бўлиб ўтадиган танлов учун тайёргарлик ишлари жадал кетмоқда. Жорий йилнинг туман босқичида 200 нафарга яқин қизлар иштирок этиши кутиляпти.
Танловга қизғин тайёргарлик кўраётган қизлар орасида фан докторлиги устида иш олиб бораётган, илмий мақолалари хорижий журналларда чоп этилган, ўз соҳасида сезиларли ютуқларга эришган докторант қиз Зарина Рўзимуродова ҳам бор. У билан суҳбатда бўлганимизда, Президент қўлидан мукофот олишни мақсад қилганини қатъият билан таъкидлади. Бу сўзлар ортида катта масъулият, меҳнат ва Ватанга садоқат мужассам.
Айни пайтда туманда “Зулфияхоним издошлари” клублари фаолият кўрсатмоқда. Қизлар захираси шакллантирилган бўлиб, уларга соҳа бўйича тажрибали мураббийлар бириктирилган. Ушбу клублар орқали қизлар нафақат танловга тайёргарлик кўрмоқда, балки маънавий-маърифий, ижтимоий фаоллик юзасидан ҳам кўникма ҳосил қилмоқдалар.
Зулфия мукофоти нафақат иқтидор эгаларини тақдирлаш, балки уларнинг келажакдаги ютуқлари учун мустаҳкам пойдевор яратиш воситасига айланмоқда. Қизларимиз бу имкониятдан унумли фойдаланиб, илм-фан, маданият ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи кучига айланмоқда. Ҳар бир иқтидор эгасига эътибор ва имконият яратиш орқали биз нафақат бир инсон, балки бутун жамиятнинг келажагини белгилаб борамиз.
Тўлқин Сиддиқов.