Самарқандлик Зулфиячилар аниқланмоқда

Айни дамларда Самарқандда Зулфия номидаги Давлат мукофотига танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтмоқда.

Унда мазкур танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ўрин эгаллаган 129 нафар қизлар 7 йўналишда иштирок этяпти.

- Танловнинг қуйи босқичларида шу йил 1461 нафар қизлар қатнашди, - деди вилоят ҳокимининг ўринбосари,  оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова. - Алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда танловга қатнашаётган қизларнинг ютуқлари тобора кенгаймоқда. Халқаро даражадаги муваффақиятлари билан иштирок этаётган қизлар сони ошган. Қолаверса, фан, таълим йўналишида иштирок этишни истовчи қизлар сони кўпайгани ҳам қувонарли.

Танлов иштирокчилари билан суҳбатлашарканмиз, улар орасида "Ниҳол" мукофоти совриндорларидан тортиб, халқаро мусобақалар ғолиблари, инглиз тилида дарс ўтадиган, китоблари 30 минг нусхада чоп этилаётган қизлар ҳам борлигига гувоҳ бўлдик.

Ота-оналар, устозлар қизларни қўллаб-қувватлаб турибди.

- Қизим туғилганиданоқ доялар қўшиқчи бўлади, дейишганди, - дея сўзлаб беради каттақўрғонлик Акмал Ҳикматов. - Айтганларидай бўлди, болалигидан қўшиқ куйлашга қизиқди, биз ҳам қўллаб-қувватладик. Чунки "Мусиқа мактабига ҳар куни бораман, пул бермасангиз, пиёда кетаман", дея қўймасди. Мана, бугун қизимнинг ниятлари амалга ошди, Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил оляпти, қатор танловлар ғолиби. Шу йил "Ниҳол" мукофоти совриндорига айланди.

Ўз йўналишларида имтиҳондан ўтаётган қизларнинг саволларга бурро-бурро жавоб бераётгани, мақсадлари катта эканлигини эшитарканмиз, иқтидор имкониятлардан қувват олиб, юқорилаётганига амин бўлдик.