Самарқанднинг 2021 йилги “Зулфия”чи қизлари

Президентимизнинг кеча, 3 мартдаги «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, республикамиздаги аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, санъат, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида вилоятимиздан Феруза Хайруллаева ва Моҳинисо Шомуродова бор.

Хайруллаева Феруза Нурмат қизи - «Республика ёш ижодкорлар кенгаши» нодавлат нотижорат ташкилоти матбуот котиби.

1993 йилда Пайариқ тумани Кўлтўсин маҳалласида туғилган. Тумандаги 34-умумий ўрта таълим мактабида ўқиган. Сўнгра Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган. 2019 йилда “Қақнус парвози” номли китоби чоп этилган.
Зулфия номидаги давлат мукофотининг адабиёт йўналиши совриндори.

***

Шомуродова Моҳинисо Шавкат қизи - Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2-босқич талабаси.
2001 йилда Нарпай тумани Ноғорахона маҳалласида таваллуд топган. Тумандаги 17-умумий ўрта таълим мактабида ўқиган. 2018 йилда Республика «Ёш китобхон» танловида биринчи ўринни эгаллаган.
Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таълим йўналиши совриндори.