Самарқанддаги мактабларда машғулотларни бошлаш учун 2 миллиард 280 миллион сўм маблағ ажратилди

Бу ҳақда вилоят молия бош бошқармаси Zarnews.uz‘га маълум қилди. Қайд этилишича, бу маблағга пирометр ва дозаторлар харид қилинади.

Мактабларда анъанавий таълимни бошлаш учун қилинадиган харажат яна давом этади. Негаки, мактаблар антисептик воситалар ҳамда кам таъминланган оила аъзоси бўлган ўқувчиларни тиббий ниқоб билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан жорий йил 10 сентябрга қадар вилоятдаги умумтаълим мактабларини етарли миқдорда санитария хавфсизлик жиҳозлари билан таъминлаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қарор билан шунингдек, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, жумладан, 332 тасига узлуксиз тоза ичимлик сувини етказиб бериш, 380 тасини иситиш тизими ва ҳожатхоналарни таъмирлаш белгиланган.