Самарқандга замонавий компьютер жиҳозлари карвони келди

Бугун Самарқанд шаҳрининг Кўксарой майдонида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” номли компьютер жиҳозлари карвони саф тортди.
Республика бюджети маблағлари ҳисобидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан вилоятимизга келтирилган компьютер жиҳозлари карвони барча туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлим бошлиқларига берилди.
Президентимиз томонидан таълим соҳасига берилаётган эътибор сабаб бугун мактабларимиз замонавий русумдаги компьютер, электрон доска ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминланяпти, - деди тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев. – Ўйлайманки, ушбу компьютерлар мактаб ўқувчиларининг сифатли билим олишларига, келажакда замонавий касблар эгаллашига хизмат қилади.
Ушбу карвонда келтирилган замонавий компьютер жиҳозлари вилоятимиздаги 135 та мактабга тарқатилди, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. – Шунингдек, карвонда электрон доска, компьютер ҳамда 723 дона планшет қурилмалари бўлиб, улар 9 та мактабгача таълими ташкилотларига берилди.
- Айрим мактабларимизда маънан эскирган компьютерлар бор эди, - деди Иштихон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Гулчеҳра Саидмуродова. – Бу янгиликни эшитиб, мактаб директорлари жуда хурсанд бўлди. Туманимиздаги ўнта мактабга бир комплектдан компьютер жиҳозлари берилди.
Дарҳақиқат, ҳар бир мактабга 11 номдаги жиҳозлар, яъни 16 та компьютер, принтер, стаблизатор, кондиционер ва бошқа жиҳозлар, шунингдек, мактаб раҳбарлари учун ҳам компьютер жамланмаси тарқатилди.
Бундан ташқари, замонавий компьютер техникаларини белгиланган жойларга етказиб беришдан тортиб, уларни талаблар асосида ўрнатилишигача бўлган жараён давлат томонидан амалга оширилади.
Хуршида Эрназарова.