Самарқандлик 29 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси американинг ESN лойиҳасида қатнашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Американинг English Speaking Nation: Secondary Teacher Training (Инглиз тилида сўзлашадиган миллат: ўрта мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш) лойиҳаси доирасида мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг инглиз тили фани ўқитувчиларининг билим ва маҳоратини оширишга имкон яратилган.

Жорий йилнинг 26-27 октябрь кунлари ESN:STT лойиҳаси раҳбарлари Самарқандда бўлиб, вилоятимиздаги мактабларнинг инглиз тили фани ўқитувчилари ўртасида ушбу лойиҳани кенг тарғиб этди.

ESN:STT Халқ таълими вазирлиги, вилоят малака ошириш марказлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда XXI аср глобал иқтисодиёти даврига ҳамнафас, тил кўникмалари ва воситаларига эга, ўзига ишонган инглиз тили фани ўқитувчилари жамоасини яратиш учун фаолият юритади.

Дастур уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда TESOL Халқаро уюшмаси (TESOL) ва Жорж Мейсон университети (GMU) томонидан олиб бориладиган интенсив ўқув дастурида қатнашиш учун ҳар бири 40-45 нафар умумтаълим мактабларининг инглиз тили фани ўқитувчиларидан иборат иккита гуруҳ танлаб олинади.

Ҳар бир гуруҳ TESOLнинг 140 соатлик, жумладан, Ўзбекистон умумтаълим мактабларида 20 соатлик мажбурий амалиёт ўташни ўз ичига олган асосий сертификат дастурида иштирок этади. Семинар амалиётлари мамлакатимиз умумтаълим мактабларида TESOL ҳамда Жорж Мейсон университети томонидан икки ҳафта давомида олиб борилади.

Тўлиқ ўқув курсини тугатгандан сўнг номзодлар TESOL асосий сертификатига эга бўлади ва Ўзбекистоннинг асосий ўқитувчи-тренерлари жамоасига киритилади. Энг кучли ўқитувчи-тренерлар ESNнинг маҳоратли тренерлари бўлиши учун қўшимча тренингларда қатнашиши ва TESOLнинг 140 соатлик асосий сертификат дастурини ўз касбдошларига етказиши мумкин.

Иккинчи босқичда асосий ўқитувчи-тренерлар (CТ) Тренерларни тайёрлаш институтида 10-12 ҳудуддаги касбдош менторлар (RPM) гуруҳига тренинг ўтказади ва уларга менторлик қилади.

Учинчи босқичда CТлар тренерлиги ва раҳбарлиги остида RPMлар бир йил давомида 10 нафар мактаб ўқитувчиларини ўқитиб, уларга тренерлик қилади. Шу тарзда учинчи йил якунига қадар 15000 нафар ўқитувчиларни ўқитишга эришилади.

Дастур доирасида энг яхши 300 нафар RPMлар ESNнинг маҳоратли тренерлари томонидан ўқитилади ва TESOL асосий сертификатини олиш имкониятига эга бўлади. Шу асосда улар Ўзбекистоннинг энг нуфузли асосий ўқитувчи-тренерлари жамоасига аъзо бўлиш имконига эга бўлади. Асосий ўқитувчи-тренерлар жамоа тренерларининг иш режалари ва ўқув материалларини ишлаб чиқади. Улар Халқ таълими вазирлигига ўқитувчилар малакасини ошириш курсларини ўтказиш учун тавсия қилинади. CТлар ва RPMлар 2022 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Минтақавий TESOL конференциясида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Дарҳақиқат, Самарқанд вилоятидаги мактабларнинг 164 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари ушбу лойиҳанинг саралашида иштирок этди. Уларнинг 29 нафари белгиланган талаблар асосида кейинги босқичга ўтди.

Зарифа ИБОДУЛЛОЕВА,

вилоят халқ таълими бошқармаси чет тили фанлари методисти.