СамДУ ўқитувчилари Ургут туманидаги мактаблар фаолиятини ўрганди

2020 йил 15 октябрь куни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Ургут туманидаги мактаб директорлари билан йиғилиш ўтказган ва айрим мактаблар танқид қилинган эди. Йиғилиш баёни ижросини таъминлаш юзасидан тумандаги умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди.

Жумладан, Самарқанд давлат университети ўқитувчилари ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимлари томонидан тузилган ишчи гуруҳ Ургут туманидаги битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган 32 та мактабда бўлди.

Ишчи гуруҳ тумандаги 7-, 12-, 104-, 50-, 145-, 54- ҳамда 144-умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шунингдек, университет ўқитувчилари таълим муассасаси педагоглари ҳамда мактаб битирувчилари билан суҳбат жараёнида уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Ишчи гуруҳ мактаб раҳбарларига ҳар бир мактаб кесимида ўқитувчилар рейтингини аниқлаш, синфларга фахрий ўқитувчиларни бириктириш ҳамда тўгараклар фаолиятини такомиллаштириш, ўқитувчиларга рейтингда олган ўринларига кўра, пуллик тўгаракларни ташкил этиш, мактабларда синф раҳбарларини 100 фоиз қайта кўриб чиқиш каби топшириқлар берди.