Сана: 28 июль – Бутунжаҳон гепатитга қарши курашиш куни

Ушбу кун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган ва биринчи бўлиб Бутунжаҳон Гепатитга қарши кураш Алянси (World Hepatitis Alliance, WHA) ташаббуси билан 2011 йилда ўтказилди. Алянсга дунёнинг 100 мамлакатидан 300 дан ортиқ ташкилотлар киради.

Бутунжаҳон гепатитга қарши кун санаси шу куни туғилган «гепатит Б» вирусини кашф этган Нобель мукофоти совриндори, профессор Барух Семюм Блумберг шарафига танланган.

ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда 325 миллион киши Б ёки С гепатитини юқтиради ва бу касаллик ҳар йили 1,1 миллион кишини ёруғ оламдан олиб кетади. "COVID-19" пандемияси фонида ҳар куни минглаб одамлар вирусли гепатитдан ҳалок бўлмоқда. Ўлим даражаси бўйича ушбу юқумли касаллик сил касаллигидан кейин иккинчи ўринда туради ва гепатит билан касалланганлар сони ОИВ билан касалланганлардан тўққиз баравар кўпдир.

2021 йил Бутунжаҳон гепатитга қарши кун мавзуси "Гепатитга қарши курашни кечиктириб бўлмайди". ЖССТ барча мамлакатларни вирусли гепатитни аҳолининг соғлиғига таҳдид сифатида 2030 йилга қадар йўқ қилиш бўйича жамоавий чоралар кўришга чақиради.