Пахтачида икки ойда 35 нафар болада вирусли гепатит аниқланган

Туманда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда санитария назорати бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?

Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан Пахтачи туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими фаолияти ҳамда туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда жавоб изланди.

Туманда аҳолининг санитария эпидемиологик хотиржамлигини таъминлаш, юқумли касалликларни эрта аниқлаш мақсадида бактериологик ва паразитологик лабораторияларга 20 турдаги 65 миллион сўмлик асбоб-ускуна, зарур дори-дармон ҳамда реактивлар берилган.

- Ўтган йил фуқаролардан олинган 56 минг 710 та лаборатория текширув таҳлиллари натижасига кўра, туманда юқумли касалликларнинг 22 тури қайд қилинган, - дейди туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлим бошлиғи Мухтор Расулов. – Касалликлар асосан болаларда кузатилган бўлиб, минг нафардан зиёд болада паразитар - 366 тасида геминалипидоз, 645 тасида энтирабиоз касалликлар аниқланган.

Жорий йилнинг икки ойида эса эпидемиологик ретроспектив таҳлиллар натижасига кўра, туманда 14  та юқумли касаллик қайд этилган бўлиб, асосан вирусли гепатит касаллиги болаларда кўп учрамоқда. Хусусан, шу даврда 35 нафар болада вирусли гепатитнинг “А” тури аниқланган. Ҳозирда бундай касаллик билан оғриган беморлар алоҳида изоляция қилиниб, даволаш ва вакцинация ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу вирусга қарши курашишнинг асосий чораларидан бири эмлаш бўлиб, бир марта касалликка қарши эмланган киши 20 йилгача гепатитдан ҳимояланиши мумкин.

Пресс-тур давомида туман санитария бўлими томонидан маҳалла, бозорлар, мактаб ва боғчаларда амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишилди.

- Туманда 20 дан ортиқ маҳалладаги хонадонларда дезинфекция, санитария тарғибот ишлари олиб борилди, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Латиф Рустамов. - Бошқарма ва унинг туман бўлими мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида артизиан қудуқларидан олинган сув, бактериологик ва химик таҳлиллар мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилиб, тегишли хулосалар айтилди. Шунингдек, аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш мақсадида намуналар олиниб, санитария қоидаларига амал қилиш тушунтирилди ва тарқатма материаллар берилди.

Фазлиддин Рўзибоев.