Самарқандда 11 ойда 6850 нафар бола гепатит “А” касаллигини юқтириб олгани маълум қилинди

Қатор юқумли касалликлар тарқалишининг омилларидан бири мактаб ва боғчалардаги ҳожатхоналар, қўл ювиш мосламалари санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслигида.

Вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятда жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида рўйхатга олинган 39 турдаги юқумли касалликлардан 16 тури қайд этилган.

Жумладан, қизамиқ, захм, гонария, қўтир ва яна икки турдаги юқумли касалликлар сони ошган.

- Таҳлиллар натижасига кўра, жорий йилнинг 11 ойида 7860 ҳолатда ўткир юқумли ичак касалликлари аниқланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,7 фоизга камайган, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зойир Мўминов. - Шунингдек, ушбу давр мобайнида 9854 ҳолатда вирусли гепатитнинг “А” тури аниқланган ва ўтган йилга нисбатан касаллик 23 фоизга камайган. Бироқ Нарпай, Самарқанд, Пахтачи ва яна бир нечта туманларда касаллик сони кўпайган. Вирусли гепатитни юқтирганларнинг 6850 нафарини мактаб ва боғча ёшидаги болалар ташкил этмоқда. Ҳозирда бундай касаллик билан оғриган беморлар алоҳида изоляция қилиниб, даволаш ва вакцинация ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, вирусли гепатитнинг “А” турини асосан болалар юқтириб олишининг асосий сабаби – аксарият мактаб ва боғчалар ҳамда ушбу таълим муассасасидаги ҳожатхоналар, қўл ювиш мосламалари санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Шу билан бирга, вилоятда миллий эмлаш календар режаси асосида 13 турдаги касалликка қарши 90 фоиздан зиёд аҳоли эмланган. Бироқ вирусли гепатитга қарши эмлаш мазкур дастурга киритилмаган. Шу боис ота-оналарнинг ўзи фарзандларини вирусли гепатитга қарши эмлатгани мақсадга мувофиқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, вирусли гепатитга қарши курашишнинг асосий чораларидан бири эмлаш бўлиб, болаларни 18 ойликдан 14 ёшгача эмлаш мумкин. Бир марта касалликка қарши эмланган киши 15-20 йилгача гепатитдан ҳимояланади.