Сайлов жараёнлари халқаро кузатувчилар нигоҳида
7-Самарқанд сайлов округи ҳудудидаги сайлов участкаларидаги сайлов жараёнлари халқаро кузатувчилар томонидан кузатиб борилмоқда. Жумладан, халқаро кузатувчилар Самарқанд шаҳрида жойлашган 105-сайлов участкасида бўлди.
- Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг демократик тамойилларга ҳамоҳанг тарзда амалга оширилаётганлиги бугунги сайловда ҳам ўз аксини топмоқда, - дейди германиялик Фрайлинг Матиас. – Участкага келишда эътибор қаратдим, фуқаролар сайловга ўз хоҳишлари билан бормоқда. Ҳеч қандай тарғибот, мажбурий чақирувни кўрмадим. Участкадаги сайлов жараёнлари ҳам халқаро нормаларга мос ўтказилмоқда. Бизда ҳам шундай тартибда ташкил этилади.
Сайловнинг ўтказилиши, сайловчилар учун яратилган шароит халқаро меъёрларга тўла мос келади.
- Сайлов жараёнларининг тартибли, халқаро нормаларга мос ташкил этилганлиги эътиборимни тортди, - дейди венгриялик халқаро кузатувчи Золтан Дубетски. - Шунингдек, сайлов бюллетенлари кўп миллатли халққа мос улар тушунадиган тилларда ташкил этилган. Бу ҳам деморкатик тамойилларнинг бир кўриниши, албатта. Ташкилий масалалар юқори даражада.