Шаҳарсозликда Франция қурилиш компаниялари билан ҳамкорлик қилинади

Хабар берганимиздек, Франциянинг “MEDEF International” ишбилармонлик ҳаракати қошидаги “Ўзбекистон-Франция” кенгаши раҳбари, “Orano” компанияси раиси Клод Имовен бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.

Ширин шаҳарчаси дирекциясида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев бошчилигидаги масъуллар ҳамда тадбиркорларнинг франциялик ишбилармонлар ва билан учрашуви бўлиб ўтди.

Вилоят раҳбари Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари узоқ тарихга эгалиги, иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий соҳалардаги алоқалар, жумладан, вилоятда француз компаниялари билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани ва бу алоқаларни давом эттириш тарафдори эканини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарининг таклифига кўра, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг 2023 йилда расмий ташриф билан мамлакатимизга, хусусан, Самарқанд шаҳрига келгани икки давлат ўртасидаги ҳамкорликда туб бурилиш ясади, - деди А.Бобоев. – Ушбу ташриф доирасида Франция альянсининг Самарқанддаги филиали очилиши маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш имконини берди. Фурсатдан фойдаланиб, француз компанияларининг инновацион, технологик ва инвестицион салоҳиятини юксак баҳолаган ҳолда туризм, шаҳарсозлик, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва давом эттиришни таклиф қиламан. Жумладан, шаҳарсозлик ва “ақлли шаҳар” лойиҳалари – биз амалга ошираётган энг катта лойиҳалардан бири - 660 гектар майдонни ўз ичига олган Ширин шаҳарчаси қурилишидир. Ушбу замонавий шаҳар тураржой мажмуалари, савдо ва бизнес марказлари ҳамда замонавий инфратузилмани ўз ичига олади. Энергия самарадорлиги юқори бўлган бинолар, замонавий коммунал хизматлар ва шаҳарчанинг интеллектуал инфратузилмасини ривожлантиришда француз мутахассисларининг тажрибаси жуда муҳим. Мазкур лойиҳа юзасидан Франциянинг бой тажрибага эга бўлган “Ellips Prodjekts EsEyEs” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

“MEDEF International” дунёнинг турли мамлакатлари билан бизнес ва инвестицион алоқаларни ривожлантиришга ихтисослашган ташкилот бўлиб, етти мингдан ортиқ француз компанияларини бирлаштиради.

 – Президентимиз давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганда илк бор бу тарихий шаҳарда бўлганман, – дейди “MEDEF International” ишбилармонлик ҳаракати қошидаги “Ўзбекистон-Франция” кенгаши раҳбари, “Orano” компанияси раиси Клод Имовен. – Самарқандда энг яхши ривожланган йўналишлардан бири туризм. Шаҳарда ушбу соҳа билан бирга, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, жамоат транспорти, энергетика, шаҳарсозлик йўналишларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш тарафдоримиз.

Учрашув якунида Самарқанднинг туризм салоҳияти ва Ширин шаҳарчаси лойиҳаси тақдимот қилинди.

Ташриф дастурига мувофиқ, делегация аъзолари Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларни томоша қилди.